СМТИ директори таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбари савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, сармоя ва хизмат кўрсатишни эркин рағбатлантиришни таъминлаш учун ташкилот доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш таклифи билан чиқди. Шу мақсадда ҳар йили жаҳон бизнес вакиллари иштирокида асосий иқтисодий масалалар ва инвестиция имкониятини муҳокама қилишга қаратилган халқаро туркий иқтисодий форум ўтказишни таклиф қилди.
- Статистикага кўра, умумий савдо ҳажми 970 миллиард доллардан ортадиган ташкилотимизга аъзо мамлакатлар ўзаро савдо ҳажми бор-йўғи 21 миллиард долларни, яъни умумий ташқи савдо ҳажмининг бор-йўғи 4 фоизини ташкил қилган, - дейди мутахассис. - Европа Иттифоқида бу кўрсаткич 63,2, АСЕАНда 70, НАФТАда 40,9 фоиз.
Унинг сўзларига кўра, келтирилган рақамлар мамлакатларимиз олдида турган иқтисодий муаммоларни ҳал этишда янги ғоя, ностандарт ёндашув ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатади.
- Саммитда ТДТ маконида транзит-транспорт йўлакларини амалга ошириш, янги халқаро транзит йўлакларини шакллантиришга катта эътибор қаратилди, - дея қўшимча қилди СМТИ директори.
Шу билан бирга ҳозир Транскаспий халқаро транспорт йўналишини Туркий мамлакатлар транспорт занжиридаги асосий бўғинлардан бирига айлантириш учун яхши имконият мавжуд.
Бунда асосий эътибор транзит йўлаклари рақобатбардошлилигини ошириш, бизнес учун қулай таърифлар жорий этиш ва замонавий инфратузилма яратишга қаратилиши керак.
Шу муносабат билан Ўзбекистон томони ТДТ мамлакатларини Ўзбекистон ва Туркия томонидан ишга туширилган транспорт соҳасидаги рухсатномаларни электрон алмашиш тизимига қўшилишга чақирди.
Интеграциялашган транспорт тизими туфайли келажакда ТДТ маконини Евроосиёдаги муҳим транспорт-логистика йўлагига айлантириш учун улкан имконият борлиги қайд этилди. Бу шунингдек, бирлашма иштирокчиларига транспорт-транзит йўналишларини диверсификация қилиш, халқаро савдо тизими ва глобал таъминот занжирида ТДТ мамлакатлари қарашини мустаҳкамлаш учун ноёб имконият яратади.
Элдор Арипов, шунингдек, иштирокчилар эътиборини Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, ўзаро озиқ-овқат таъминоти самарали тизимини яратиш, ТДТ ва ФАО ўртасида шериклик алоқасини йўлга қўйиш, Туркий агрофорум, "ақлли қишлоқ хўжалиги” халқаро кўргазмасини мунтазам равишда ўтказишга йўналтирилган ташаббусларига эътибор қаратди.
- Озиқ-овқат таъминоти масаласи бўйича кўп томонлама келишув тузилиши мазкур йўналишдаги ишларни ички ва ташқи бозор талаби ҳамда аъзо мамлакатлар ишлаб чиқариш имкониятидан келиб чиққан ҳолда тизимлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қисқартириш, шунингдек, инновация, замонавий билим ва илғор технология жорий этиш имконини беради, - дея хулоса қилади СМТИ вакили.
Кейингиси
СМТИ директори: Мамлакатимиз Туркий давлатлар ташкилоти тадбирлари учун муҳим майдонга айланди
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити: асосий якунлар ва ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги халқаро анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов...
22.11.2022