Тадбирда сўзга чиққан Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Бобур Усмонов мазкур тадбир давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 17 сентябрь куни ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши Душанбе саммитида илгари сурилган ташаббусини амалга ошириш доирасида ўтказилаётганини таъкидлади.
Ўша учрашувда Ўзбекистон Президенти ШҲТ маконида тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича саъй-ҳаракатни фаоллаштиришни устувор йўналиш сифатида белгилаш, мавжуд вазият мунтазам муҳокама қилинишини таъминлаш, жумладан, ахборот майдонидаги чақириқ ва таҳдидларга қарши биргаликда курашишга келишиш муҳимлигини қайд этган эди.
- Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасида ахборот хавсизлиги бўйича экспертлар форуми ташкил этишни таклиф қилди, - деди СМТИ директори ўринбосари. - Бу кибер макондаги замонавий таҳдид ва чақириқларга муносиб жавоб бериш юзасидан мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини беради.
Бобур Усмоновнинг сўзларига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар ахборот хавфсизлигини таъминлашда муҳим салоҳиятга эга. Зеро, 2021 йил Глобал кибер хавфсизлик индексига мувофиқ, Россия ва Ҳиндистон кучли ўнликка кирган. Мазкур рўйхат соҳага доир ҳуқуқий, техник ва ташкилий чора-тадбирлар, шунингдек, мамлакатнинг ривожланиш салоҳияти, бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини ифодалайди.