Юқори даражадаги музокаралар давомида ўзаро манфаатли соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича кенг қамровли масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар икки давлат ўртасидаги ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч алоқаларини мустаҳкамлаш ва икки давлатнинг янада яиқинлаашуввида муҳим асос вазифасини бажарувчи маданий-гуманитар соҳадаги шерикликка алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Корея давлати биздан анча олисда жойлашган бўлса-да, халқларимизнинг урф-одат ва қадриятлари, маънавий олами ва дунёқараши бир-бирига ўхшашдир”.
Маълумки, МДҲнинг барча давлатлари ичида энг кўп сонли корейс диаспораси Ўзбекистонда бўлиб, уларнинг сони 200 мингдан ошади. Улар кўп миллатли халқимизнинг ажралмас қисми ҳисобланиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Корейс миллати вакилларининг ижтимоий-маданий ўзига хослигини сақлаб қолиш, маданияти, анъаналари, урф-одатлари, санъати ва тилини асраб-авайлаш ва оммалаштириши учун барча шароитлар муҳайё қилинган. 1991 йилдан бошлаб Ўзбекистон корейс маданияти марказлари уюшмаси фаолият кўрсатмоқда, 2019 йилда Тошкентда Корея маданияти ва санъати уйи очилди.
Томонлар 2027 йилда корейс диаспорасининг 90 йиллигини нишонлаш мақсадида Маданият уйи биносида музей ва кутубхона очишга келишиб олди.
Икки давлатнинг бой ва ноёб маданий-тарихий мероси билан яқиндан танишиш мақсадида 2025 йилни “Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш тўғрисида келишувга эришилди. Хусусан, маданият ҳафталиклари, ёшлар, таълим, тиллар ва спорт форумлари, санъат ва ҳунармандчилик кўргазмалари, туризм ярмаркалари ташкил этилади. Ушбу чора-тадбирлар мамлакатлар ўртасида туризм оқимини кенгайтириш имконини беради, бу эса ўз навбатида иқтисодий фойда келтирибгина қолмай, икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлат раҳбарлари томонидан таълим соҳасидаги қўшма дастурларни амалга оширишга алоҳида урғу берилди.
Сўнгги йилларда таълим соҳаси мамлакатимиз учун мутахассисларни тайёрлашда дунёнинг энг яхши тажрибаси ва илғор андозалари асосида ҳамкорликни ривожлантириш имконини берувчи муҳим йўналишлардан бири ҳисобланмоқда. Ўзбекистон олийгоҳлари Кореянинг 45 дан зиёд университетлари ва илмий таълим муассасалари билан алоқа қилиб келмоқда. Республикамизда Кореядаги нуфузли университетларнинг 4 та филиали: Тошкентдаги Инҳа, Пучон, Аджу ҳамда Фарғонадаги Корея халқаро университети филиаллари муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Ўз навбатида, Жанубий Кореяда 11 минг нафардан зиёд ўзбек талабалари таҳсил олмоқда.
Мамлакатимизда Корея илм-фан ва технологиялар институти (KAIST) модели асосида институт ташкил этишга доир таклифлар ҳам муҳокама қилинди. Бугунги кунда мазкур институт муҳандислик ва нанотехнологиялар соҳасида мутахассислар тайёрлайди. Дунёнинг энг яхши инновацион университетлари рейтинги «QS World University Rankings»га кўра, KAIST дунё бўйича 41-ўринни эгаллайди. Ўзбекистонда шундай таълим муассасасининг ташкил этилиши ҳозирги вақтда фаннинг энг талаб юқори бўлган йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича кадрлар тайёрлаш имконини беради.
Шунингдек, Корея давлат бошқаруви институти ва Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти билан ҳамкорликда Тошкентдаги Давлат бошқаруви академияси қошида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги Марказ очиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Сунъий идрок асосида рақамли технологияларни ривожлантириш Жанубий Кореяни иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли режасида устувор йўналиш - “4.0.Ўсишнинг янги стратегияси” сифатида белгиланган. Мамлакатимиз ҳам бу соҳага алоҳида этибор қаратиб, 2020 йилда “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегиясини қабул қилди. Бу каби Марказнинг ташкил этилиши ҳар икки давлатнинг интилишларига ҳамоҳангдир, чунки бу мазкур соҳада муутахассислар тайёрлашда тажриба ва кўникмалар алмашишга ёрдам беради.
Соғлиқни сақлаш соҳаси Ш.М.Мирзиёев ва Юн Сок Ёль ўртасидаги музокаралар давомида муҳокама қилинган яна бир муҳим йўналиш бўлди. Жанубий Корея тиббий марказлар ташкил этиш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, миллий тиббиёт муассасаларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, ирсий касалликларни даволашда тажриба алмашиш ва бошқа йўналишларда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Масалан, 2020 йилда Кореянинг EDSF жамғармаси кўмагида Тошкентда кўп тармоқли болалар шифохонаси қурилиши якунланди. Университет, касалхона, онкоклиника ва фармацевтика кластерини қамраб олган қўшма тиббиёт кластерини амалга ошириш ишлари жадал суръатлар билан давом этмоқда. Музокаралар якунида томонлар “Фарма Парк” фармкластери лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш ва тиббиёт ходимларининг Жанубий Кореяда малака ошириши бўйича узоқ муддатли дастурни йўлга қўйишга келишиб олди.
Хулоса қилиб айтганда, Юн Сок Ёлнинг Ўзбекистонга ташрифи Ўзбекистон ва Корея мууносабатларини янада ривожлантиришда муҳим воқеълик бўлди ва икки давлатнинг алоҳида стратегик шерикликни амалий мазмун билан бойитишга барқарор интилишларини намоён қилди.
Мадина Арипова,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими
Олдингиси
Ўзбекистон-Туркия: ҳар томонлама стратегик шерикликнинг янги босқичи
Халқаро муносабатларда икки томонлама саммитлар кўпинча мамлакатлар ўртасидаги алоқалар жараёнига сезиларли таъсир кўрсатадиган бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилади.
11.06.2024Кейингиси
Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари юқори технологик шерикликни янада ривожлантиришга умид билдирди
13-15 июнь кунлари Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга илк ташрифи амалга оширилди. Жанубий Корея раҳбарининг ташриф дастури ниҳоятда мазмунли бўлиб, олий даражадаги музокаралар, Тошкент Технопаркига ташриф ва қўшма бизнес-форумда иштирок этишни ўз ичига олди.
16.06.2024