Санжар Валиев: Оролбўйи минтақасида Туркий давлатлар ташкилотининг ихтисослашган тузилмасининг яратилиши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича биргаликдаги ишларга изчиллик беради

СМТИ директори ўринбосари Санжар Валиев Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари саммити натижалари бўйича фикр билдирди.

Туркий мамлакатлар раҳбарларининг 12 ноябр куни Истанбулда бўлиб ўтган саммити «Туркий назар  – 2040» сингари келгусидаги ҳамкорликни белгиловчи бир қатор стратегик ҳужжатларнинг қабул қилиниши билан янада мазмунли ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев туркий давлатларнинг савдо, транспорт, рақамлаштириш, фан ва технологияларни ривожлантиришга қаратилган биргаликдаги фаолиятининг аниқ механизмлари ҳамда ҳамкорликнинг бошқа муҳим йўналишлари бўйича қатор таклифларни илгари сурди.

Шу билан бирга, давлат раҳбаримизнинг БМТ билан ҳамкорликда фаолият кўрсатадиган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Туркий давлатлар ташкилотининг ихтисослашган янги тузилмасини яратиш ташаббуси алоҳида эътиборга лойиқдир.

Иқлим ўзгариши муаммолари ва экологик муаммоларга Президентимизнинг бу муносабати, албатта, бежиз эмас. Бу салбий жараёнлар Марказий Осиёда дунёнинг бошқа кўплаб минтақаларига қараганда анча жадал кечмоқда. Ўзбекистонда улар чанг бўронлари сонининг кўпайиши, ерлар деградацияси ва сув ресурсларининг камайишида намоён бўлмоқда.

Экологик муаммоларнинг долзарблиги ортиб бораётгани муносабати билан Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида 2023 йилда глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш учун БМТнинг атроф-муҳит Олтинчи Ассамблеясини юқори даражада ўтказишга тайёрлигини маълум қилди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Орол фожиаси оқибатларини минималлаштириш ва иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини камайтириш бўйича бир қатор кенг қамровли ва узоқ муддатли чора-тадбирларни амалга оширди. «Яшил» иқтисодиётга ўтиш миллий стратегияси ва қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш бошланди. Кўрилган чора-тадбирлар доирасида энергия самарадорлиги 2030 йилга бориб икки баробарга ошади ва қайта тикланадиган энергия улуши камида 25% га етади.

Қурғоқчилик ва сув танқислигига қарши курашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш борасида қатъий ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Манфаатдор ҳамкорлар билан саъй-ҳаракатларга қўшилиш мақсадида 2022 йилда Оролбўйи минтақасида, Нукус шаҳрида Бирлашган Миллатлар ташкилоти билан ҳамкорликда «яшил»  энергетика бўйича юқори даражадаги халқаро форум ўтказилади. Мазкур тадбир БМТ Бош Ассамблеясининг жорий йил май ойида тасдиқланган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциясини амалга оширишда муҳим қадам бўлади.

Бундан ташқари, яқинда Глазгода бўлиб ўтган иқлим ўзгариши бўйича бутунжахон конференциясида Ўзбекистон ҳукумати 2010 йилга нисбатан 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари чиқаришни 35%га камайритиш бўйича қўшимча мажбурият олди. Ушбу мақсадга 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришишни таъминлашни назарда тутувчи кам углеродли ривожланиш миллий стратегияси ишлаб чиқиш орқали эришилади.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига бошқа туркий давлатлар ҳам катта аҳамият қаратишмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда Оролбўйида Туркий давлатлар ташкилотининг ихтисослашган тузилмасини яратиш бу йўналишдаги биргаликдаги ишларга изчиллик беради ва туркий дунё минтақасидаги асосий экологик офат – Орол денгизи муаммосига қўшимча эътиборни жалб этади. Бундай тузилма барча манфаатдор томонлар ўртасида мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш орқали туркий мамлакатларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш муаммоларини ҳал этишда кўмаклашади.

Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитига келиб Ўзбекистон ҳудудида ушбу муассасанинг қароргоҳи очилишини кутиш мумкин. 

Манба