Туркий тилли давлатлар билан савдо-сотиқ алоқаларини чуқурлаштириш ҳамкорликнинг устувор йўналиши ҳисобланади

Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Туркий тилли давлатлар ўртасидаги савдо ҳамкорлиги бўйича илмий тадқиқот маркази савдо-сотиқнинг қайси жабҳаларида ўсиш имкониятлари юқори эканлигини аниқлашда самарали восита бўла олади.

Туркий тилли давлатлар билан савдо-сотиқ алоқаларини чуқурлаштириш-туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Бугунги кунда Туркий давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўзаро савдо ҳажмининг ўз салоҳияти даражасидан бир неча баробар орқада эканлиги фонида ташкилот ичидаги савдо алоқаларини кенгайтириш учун қулай ва жозибадор шарт-шароитлар яратиш масаласи ўрта муддатли истиқболнинг асосий вазифаларидан биридир, дейди СМТИ етакчи илмий ходими Азиз Салихов.

Туркий давлатлар ташкилотининг 8-саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокчи давлатлар доирасида савдо ҳамкорлиги бўйича тадқиқот марказини ташкил этишни таклиф қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу ташаббуси туркий давлатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмининг камайиб кетаётганлиги фонида муҳим ва долзарбдир. Шуни таъкидлаш керакки, 815 миллиарддан ортиқ умумий савдо айланмасига ҳамда 160 миллион кишилик салоҳият бозорга эга ташкилот иштирокчиларининг ўзаро савдо муносабатлари 2020 йилда атиги 33,2 миллиардни ташкил этди (бу рақамлар ташкилотга аъзо давлатлар умумий ташқи савдосининг 4% дан ортиғини ташкил этади.). Бу кўрсаткичнинг 21 миллиарди ички импортга тўғри келади.

Масалан, Туркий тилли давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг Ўзбекистон Республикаси билан умумий савдо айланмасидаги улуши 17% ни, Қозоғистон билан 8,1% ни ва Озарбайжон билан 14,5% ни ташкил этади.

Шуни таъкидлаш керакки, номинал қийматига кўра Туркиянинг ташкилот давлатлари билан савдодаги улуши энг катта – қарийб 10 миллиардни ташкил этади. Бу эса туркий давлатларнинг ташқи савдоси асосан уларнинг анъанавий бозорларига қаратилганлигини кўрсатади.

Шунингдек, ташкилотга аъзо давлатлар товар айланмаси таркибида хомашёнинг улуши юқорилигича қолмоқда. Жумладан, хомашё маҳсулотлари – 50%, ўрта даражали технологик маҳсулотлар – 26%, паст даражали технологик маҳсулотлар – 19% ва юқори технологик товарлар – фақат 5% ни ташкил этади. Шу билан бирга, технологик маҳсулотлар фақат Венгрия ва Туркия томонидан экспорт қилинади.

Бундан ташқари, туркий давлатларнинг импорт озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган қарамлиги юқори. Масалан, Озарбайжон 2019 йилда озиқ-овқат импортини 19.9% га (1,6 миллиардгачагача) оширди. Худди шундай ҳолат Қирғизистонда ҳам кузатилмоқда. Мамлакат импорти таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги хомашёсининг улуши 2019 йилдаги 7,6% дан 2020 йилда 10,3% га ошган. Шу ўринда Қозоғистон ҳам бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари учун импортга қарам бўлиб қолмоқда, уларнинг бир қисми (шакар, товуқ гўшти ва бошқалар.) хорижий давлатларнинг маҳсулотлари ҳисобидан (80% дан ортиқ) билан қопланади.

Шу билан бирга, ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодиётининг барча соҳаларига таъсир кўрсатган коронавирус пандемияси оқибатларини ҳам ҳисобга олиш зарур. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кўрилаётган мисли кўрилмаган чора-тадбирлар, ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг қисқаришига, савдо алоқаларининг узилишига, товар нархининг пасайишига ва туркий давлатларда молиявий аҳволнинг ёмонлашувига бевосита ўз таъсирини кўрсатди.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда ҳамда бугунги кунда Туркий давлатлар Ташкилотига аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичлари ўзаро савдо ҳажмининг ўз салоҳияти даражасидан бир неча баробар орқада эканлиги фонида ташкилот ичидаги савдо алоқаларини кенгайтириш учун қулай ва жозибадор шарт-шароитлар яратиш масаласи ўрта муддатли истиқболнинг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолади.

Шу нуқтаи назардан ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Туркий тилли давлатлар ўртасидаги савдо ҳамкорлиги бўйича илмий тадқиқот маркази савдо-сотиқнинг қайси жабҳаларида ўсиш имкониятлари юқори эканлигини аниқлашда самарали восита бўла олади.

Бундай тадқиқот марказининг фаолият юритиши ташкилотнинг иштирокчи давлатларига ўзаро савдони кенгайтиришга тўсқинлик қилувчи ва юзага келаётган муаммоларни биргаликда аниқлаш имконини ҳам беради. Бу эса, ўз навбатида, туркий давлатлар ўртасидаги кўп томонлама савдони чуқурлаштиришнинг инновацион ечимларини ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Азиз Салихов

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ

етакчи илмий ходими

Манба