Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саноат кооперациясини кучайтириш ҳозирги куннинг энг долзарб масалаларидан бири эканлигини таъкидлаб, Кенгашга аъзо мамлакатларда мавжуд бўлган ихтисослашган ташкилотлар негизида «Инжиниринг ва технологиялар марказлари»ни ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Шу билан бирга, мазкур ташаббус доирасида 2022 йил Ўзбекистонда «Туркий давлатлар саноат ҳафталиги»ни ўтказиш таклиф этилди.
Таъкидлаш керакки, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар билан саноат кооперациясини кенгайтириш Ўзбекистон иқтисодиёти учун бир қатор янги имкониятлар яратади.
Биринчидан, ташкилотга аъзо мамлакатларда мавжуд технологиялардан ҳамкорликда фойдаланиш ва ўзаро билим ҳамда тажриба алмашиш имкониятлари кенгаяди. Бу ўринда кооперацион алоқаларни чуқурлаштириш илмий техника ва тажриба конструкторлик ишланмаларидан янада самарали тарзда фойдаланиш учун шароит яратади.
Иккинчидан, миллий иқтисодиётда рақобатбардошлик даражаси ортади. Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш борасида давлатлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, миқёс самарасидан тўлақонли фойдаланиш ва иқтисодиётга замонавий теҳнологияларни кенг жалб қилиш ҳисобига миллий маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширади.
Учинчидан, янги иш ўринлари яратилади. Мазкур жиҳат ҳар бир мамлакат иқтисодиёти учун долзарб аҳамият касб этади. Чунки ишсизлик даражасининг ўсиши ялпи ички маҳсулот ҳажмининг қисқаришига ва иқтисодий тараққиётнинг секинлашувига сабаб бўлади.
Тўртинчидан, Кенгашга аъзо мамлакатлар иқтисодиётида мавжуд ва фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солишга замин яратилади. Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон енгил саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш каби соҳаларда улкан имкониятларга эга. Бу йўналишларда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар билан кооперацион алоқаларни кенгайтириш эса иқтисодий тараққиётимизга ижобий таъсир кўрсатади.
Бешинчидан, экспорт ҳажми ортади. Хусусан, кооперацион алоқаларнинг ривожланиши давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларининг жадаллашувига сабаб бўлади.
Бу ўринда, ҳамкорликда инжиниринг ва технологиялар марказларини ташкил этиш технологик тараққиётни жадаллаштириш, инновацион ва ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган ишланмаларни яратиш мазкур йўналишлардаги имкониятларни бирлаштириш нуқтаи назаридан долзарб аҳамият касб этади. Мамлакатимизда Туркий давлатлар саноат ҳафталигини ўтказиш эса ушбу ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим қадам ҳисобланади.
Азимбек Нажимов
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими
Олдингиси
Шавкат Мирзиёев Туркий Кенгаш саммитида ёшларга оид муҳим ташаббусни илгари сурди
Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этди.
13.11.2021Кейингиси
Туркий тилли давлатлар билан савдо-сотиқ алоқаларини чуқурлаштириш ҳамкорликнинг устувор йўналиши ҳисобланади
Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Туркий тилли давлатлар ўртасидаги савдо ҳамкорлиги бўйича илмий тадқиқот маркази савдо-сотиқнинг қайси жабҳаларида ўсиш имкониятлари юқори эканлигини аниқлашда самарали восита бўла олади.
14.11.2021