Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бир қатор долзарб ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, саммитда Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг креатив ғоя ва лойиҳаларини рағбатлантириш, миллий қадриятларимизга ёт бўлган таъсирлардан асраб-авайлаш кун тартибидаги асосий вазифалардан экани алоҳида таъкидланди.
Бу борада мазкур ташкилотга аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Президенти 2022 йилни Туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиш ҳамда ушбу масалани Кенгашнинг навбатдаги саммити кун тартибининг асосий мавзуси этиб белгилаш таклифини билдирди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур ташаббус ўз ичига аниқ чора-тадбирлардан иборат қўшма Дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, қардош мамлакатлар ёшларининг турли соҳалардаги ҳамкорлигини кучайтириш вазифаларини қамраб олади. Шубҳасиз, бугун ёшларнинг халқлар ҳаёти ва тараққиётидаги, давлатларнинг ўзаро муносабатлари ривожидаги ўрни тобора ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё аҳолисининг (7,9 млрд.) деярли 23 фоизи яъни 1,8 миллиарддан ортиғини ёш авлод вакиллари ташкил этади.
Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар жами аҳолисининг деярли 25 фоизи 14-25 ёшдаги фуқаролардан иборат. Айрим мутахассисларнинг фикрича, глобаллашув жараёнлари натижасида ёшлар тобора ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларнинг фаол қатламига айланмоқда. Бу эса ёшларга оид сиёсат дунёнинг деярли барча мамлакатларида давлат сиёсатининг ажралмас қисми ва устувор йўналиши бўлиши кераклигидан далолат бермоқда.
Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асос мавжуд.
Парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.
Мамлакатимизда ёш авлодда давр ривожланиши билан уйғунлашган замонавий билим ва кўникмаларни ҳамда креатив фикрловчи ва рақобатбардош ёшлар қатламини шакллантириш йўналишида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда ёшларнинг таълим олиш соҳасида қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги «Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4199-қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун иқтидорли болаларни аниқлаш ва ўқитишни таъминлашга қаратилган Президент мактаблари фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ҳамда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим Юсупов, Ҳамид Олимжон ва Зулфия ижод мактаблари фаолият кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, хориждаги ватандошлар, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга бўлган олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишни қўллаб-қувватловчи “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди.
Бундан ташқари, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шунингдек, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури тўғрисида»ги Президент Фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. Мазкур фармон асосида ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси ташкил этилди.
Президент томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг ҳаётга татбиқ этилишини ҳам таъкидлаш жоиз. Унда асосан, ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилган.
Ёшларнинг қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга ошириш жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузурида Ёшлар парламенти фаолият юритаётганлиги ҳам аҳамиятлидир.
Ижтимоий-сиёсий ва академик ҳамжамият томонидан “Тошкент Ёшлар декларацияси”, “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ўтказилган халқаро тадбирлар ҳам Ўзбекистоннинг ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қараётганидан далолатдир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган муҳим ислоҳотларни Туркий давлатлар ташкилоти доирасида кенг тарғиб қилиш, ўзаро тажриба алмашиш орқали мазкур ташкилотга аъзо давлатлар ёшлари ўртасида ҳамкорлик янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Зеро, келажак пойдевори бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш замонавий жамиятлар олдидаги долзарб вазифадир.
Аброр Юсупов
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ эксперти
Кейингиси
Туркий давлатлар саммитида саноат кооперациясини кучайтириш борасида муҳим ташаббуслар илгари сурилди
Жорий йилнинг 12 ноябрь куни Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммити бўлиб ўтди.
13.11.2021