Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот маркази – қардош халқлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Туркий кенгаш саммити давомида туркий тилли халқларнинг дунё цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ва ниҳоятда бой ёзма меросини биргаликда чуқур ўрганиш мақсадида “Туркий тилли давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш тадқиқот маркази”ни ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда ҳам муштарак тарихимиз ва маданиятимизга оид 200 мингга яқин ноёб қўлёзмалар мавжуд. 

Ушбу тадқиқот маркази мавжуд нодир асарларни биргаликда ўрганиш, уларни таржима қилиш, ягона электрон базасини яратиш, бу соҳага рақамли технологияларни жорий этиш орқали келгуси авлодларга етказиш ҳамда жаҳон миқёсида тарғиб этишга муҳим ҳисса қўшади.

Президентимизнинг нутқида Туркий кенгашга аъзо давлатларнинг тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш масаласига алоҳида эътибор берилганлигига қуйидаги муҳим омиллар сабаб бўлди деб ҳисоблаймиз. 

Биринчидан, Ўзбекистон бугунги кунда учинчи Ренессанс –Уйғониш даври остонасида турибди. Юқорида келтрилган таклиф Президентимизнинг сўнгги беш йилда ҳаётимизнинг биргина йўналиши, яъни маърифат ва илм-фанни ривожлантириш йўлида олиб бораётган сиёсатининг узвий давоми сифатида кўриш мумкин. Учинчи Ренессанс мустаҳкам пойдеворини яратиш учун, аввало, аждодларимиз колдирган бебаҳо тарихий, илмий ва маданий меросини ўрганиш ниҳоятда зарур; 

Иккинчидан, ушбу Марказ дунёдаги барча қардош туркий халқларининг жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида ҳар томонлама фикр алмашиш учун майдон бўлиб хизмат қилади. Шунинг билан бир қаторда илмий изланишлар олиб бориш ва бугунги даврдаги долзарб масалалар борасида самарали ечимларини хамкорликда ишлаб чиқиш, тажриба алмашишга имкон беради;

учинчидан, қардош халқларнинг кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ёшлармизни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Келажакда туркий дунё бирлигини таъминлашга ҳамда халқларимизнинг умумий фаровонлиги ва равнақига хизмат қилади. 

Хулоса қилиб айтганда, туркий халқларда буюк аждодларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш ҳамиша юқори бўлган. Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу долзарб ташаббуси ташкилот фаолиятида тарихий, маданий ва илмий йўналишларда ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, мавжуд жуда катта имконият ва салоҳиятдан тўлиқ ва унумли фойдаланиш учун мустаҳкам замин яратишига ишончимиз комил. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
 етакчи илмий ходими Аллаберганов Қаҳрамон

Манба