Ўзбекистон Президентининг МДҲ саммитида миграция соҳасидаги ташаббуси долзарб муаммонинг ечимига қаратилган

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат Раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бир қатор ташаббуслар билдирилди. Ўзбекистон Раҳбарининг МДҲ ҳудудидаги миграцион жараёнлар хусусида билдирган ташаббуси юзасидан Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти эксперти Аброр Юсупов билан суҳбатлашдик.

Аввало, сўнгги йилларда турли халқаро тадбирларда Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев томонидан билдирилаётган ташаббуслар нафақат мамлакатимиз миллий манфаатларига тўла мос келишини, балки уларнинг ушбу тадбирларнинг кун тартибидаги асосий масалаларга айланаётганини таъкидлаш лозим.

Мазкур саммитда Шавкат Мирзиёев МДҲ ҳудудида ишловчи меҳнат мигрантларининг малакаси, касбий салоҳияти ва тиббий кўрикдан ўтганлиги бўйича ҳужжатларни ўзаро тан олишнинг давлатлараро ягона механизмини яратиш ҳамда меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик Дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Асосий мақсад – МДҲ ҳудудида ишлаётган меҳнат мигрантларини ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишдан иборат.

Ушбу ташаббуслар бир қатор жиҳатлари билан эътиборга молик. Хусусан, мазкур ташаббусларнинг амалиётга фаол татбиқ қилиниши МДҲга аъзо давлатларнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда Ҳамдўстлик ҳудудида умумий меҳнат бозорининг замонавий тенденцияларга мос равишда ижобий ўзгариб боришига туртки беради.

Пандемия шароитида бу жуда муҳим ва стратегик аҳамиятга эга. Зеро, ташқи меҳнат миграциясининг туб моҳиятига эътибор берадиган бўлсак, унда оддий одамларнинг ҳаётига гувоҳ бўламиз. Шу нуқтаи назардан, МДҲ саммитида Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси ташқи миграцияда банд бўлган (шу жумладан, қийин вазиятга тушиб қолган) одамларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, муносиб иш шароитини яратиш каби долзарб вазифаларни қамраб олган.

Таъкидлаш керакки, ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш, унинг салбий оқибатларини бартараф этиш жаҳон ҳамжамияти олдида турган устувор масалалардан бири ҳисобланади. Агарда рақамларга эътибор берадиган бўлсак, бугун дунёда 1 млрд. одам миграцион жараёнларнинг иштирокчиси ҳисобланади. Шундан 270 млн. киши ўз давлатидан ташқарида ишлайди. Умуман олганда, ҳар томонлама тартибга солинган, хавфсиз ташқи миграция амалда ишчи кучи ресурсининг мобиллигини оширади, ушбу соҳада банд бўлган одамларнинг қўшимча кўникма ва билимга эга бўлиши учун имконият яратади.

Шу маънода, давлатимиз Раҳбарининг миграция соҳасидаги ташаббуси ушбу йўналишда МДҲ ташкилотининг мавжуд имконият ва салоҳиятини янада тўлароқ юзага чиқариш ва бу орқали аъзо-давлатлар фуқаролари ҳаёт тарзини яхшилашга қаратилгани билан диққатга сазовор. Бу эса, ўз навбатида, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатлар ривожи учун ҳам янги имкониятларни яратади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон раислигидаги МДҲнинг ушбу саммити, яқин келажакда ўзининг ижобий натижасини бериши шубҳасиз. Зеро, ушбу ташаббуслар замирида оддий одамлар турмуш тарзини янада яхшилаш, уларнинг фаровонлигини ошириш каби муҳим ҳаётий масалалар мавжуд.

Манба