Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида бўлиб ўтган МДҲ саммитида Шавкат Мирзиёев МДҲ Аксилтеррор маркази базасида дерадикализация соҳасида, шу жумладан, қуролли тўқнашувлар ҳудудларидан қайтган шахсларни уларнинг тинч ҳаётга қайтиши борасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Мазкур ташаббуснинг аҳамияти бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида кузатилаётган қуролли тўқнашувлар ва уларда МДҲга аъзо давлатлар фуқароларининг иштирок этиши билан боғлиқ.
Шу нуқтаи назардан, ҳозирда ва яқин келажакда МДҲ маконида экстремизм ва терроризм хавфсизликка асосий таҳдид сифатида кўрилмоқда. Айни пайтда, ушбу йўналиш МДҲни 2030 йилгача янада ривожлантириш концепциясидан алоҳида ўрин эгаллаганини ҳам қайд этиш лозим.
Шу билан бирга, Ҳамдўстлик мамлакатларининг ҳар бири қуролли тўқнашувлар ҳудудларида бўлган ўз фуқароларини дерадикализация қилиш бўйича ўзига хос тажрибага эга. Масалан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон Сурия ва Ироқдан мингдан ортиқ фуқароларини ўз ватанига қайтаришди. Ушбу соҳадаги кейинги ҳамкорлик мазкур шахсларни ижтимоий мослашуви бўйича самарали ва мувофиқлаштирилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишга имкон беради.
Айтиш жоизки, МДҲнинг Аксилтеррор маркази Ҳамдўстлик давлатларининг экстремизм ва терроризмга қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган мувофиқлаштирувчи тузилма вазифасини бажаради. Мазкур марказ бу борада турли концептуал дастурларни ишлаб чиқиш тажрибасига эга.
Шунингдек, МДҲда экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган ўрта муддатли стратегияларни қабул қилиш бўйича самарали амалиёт яратилган. Масалан, 2019 йилда мазкур йўналишда МДҲга аъзо давлатларнинг 2020-2022 йилларга мўлжалланган дастури қабул қилинди. Бироқ, ушбу ҳужжат экстремистик ҳаракатларга алоқадор шахсларни дерадикализация қилиш бўйича ҳамкорлик чораларини ўзида акс эттирмади.
Шу боис, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу соҳадаги ташаббуси радикал ғояларга қарши курашиш, шунингдек экстремизм ва терроризмда айбдор деб топилган шахсларнинг профилактикаси ва реабилитацияси масалаларини МДҲ кун тартибига киритиши долзарб ва стратегик аҳамиятга эга.
Аниқ ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу ташаббуснинг ижобий натижаларига яқин келажакда гувоҳ бўлиш мумкин.
Темур АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим раҳбари
Олдингиси
Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш МДҲ ташкилотига аъзо барча мамлакатлар манфаатларига жавоб беради
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан МДҲ ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг навбатдаги йиғилишида илгари сурилган ташаббуслардан бири 2021 йилда Тошкент шаҳрида “МДҲ давлатлари маданий мероси” конференциясини ўтказиш ғояси бўлди.
19.12.2020