Қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлиги кўриб чиқилди

 

Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни архитектура ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар натижаларига оид тақдимот билан танишди.

Мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами йил сайин кенгаймоқда. Узоқни ўйлаб, ҳудудларда урбанизация жараёни амалга ошириляпти. Қишлоқ жойларда ҳам қурилиш ишлари жадал.

Булар, албатта, соҳани такомиллаштириш, шаффофликни таъминлаш, ипотека бозорини ривожлантиришни тақозо этади. Охирги уч йилда шу масалалар бўйича Президентнинг қирққа яқин қарори қабул қилинди.

Бу саъй-ҳаракатларнинг изчил давоми сифатида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 13 мартдаги фармонида қурилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш, барча босқичларда шаффофликни таъминлаш, инновацион ишланмалар ва илғор ахборот технологияларини кенг қўллаш чора-тадбирлари белгиланган эди.

Қурилиш вазирлиги олдига 337 та шаҳарсозлик қоида ва нормаларидан жорий йилда 60 тасини янгилаш вазифаси қўйилган. Йил бошида вазирликда Қурилишда техник меъёрлаш маркази ташкил этилиб, унга 15 нафар малакали мутахассис олинган. Ҳозирда 33 та янги шаҳарсозлик қоида ва нормалари ишлаб чиқилган.

Йиғилишда бу борадаги ишларни жадаллаштириш учун илғор тажрибага эга хорижий компанияни жалб этиш бўйича кўрсатма берилди.

Президентимиз соҳада коррупция ва “хуфиёна иқтисодиёт” ҳолатларини кескин танқид қилиб, қурилиш тендерларини ўтказиш ва пудрат ташкилотларини танлаш жараёнларини рақамлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда 32 мингта пудрат ташкилоти бор. Жорий йил 1 сентябрга қадар қурилиш корхоналарининг молиявий кўрсаткичлари, тўлов қобилияти, давлат харидлари, ишчи-ходимлар малакаси каби маълумотларни қамраб олувчи ягона платформани ишга тушириш вазифаси қўйилди. Бу платформа 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳрида, кейинги йил бошидан республика бўйича жорий этилади. Унга электрон меҳнат дафтарчаси тизими ҳам интеграция қилинади.

Таҳлилларга кўра, сўнгги икки йилда давлат дастурлари доирасида 3 мингдан зиёд қурилишдан атиги 182 тасида тендер ўтказилган. Чунки тендер жараёнлари мураккаб ва унда нарх арзонлиги бирламчи. Қурилиш ташкилотининг малакаси, сифат масаласи паст ўринларда қолиб кетган.

Шу боис кейинги йилдан бошлаб, янги ахборот тизимига киритилган ва рейтинги юритиладиган қурилиш-пудрат корхоналарига маблағ ажратилиши белгиланди.

Қурилиш соҳасида муаллифлик, техник ва давлат назоратини такомиллаштириш борасида алоҳида қарор қабул қилиб, барча шароитлар яратиб берилган. Эндиги вазифа – назоратни ҳозиргидек қўлда эмас, балки IT-технологияларни жорий қилган ҳолда амалга ошириш кераклиги таъкидланди.

Мутасаддиларга бир ой муддатда қурилиш корхоналари ва объектлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш вазифаси юклатилди.

Жорий йил 1 августдан бошлаб Тошкент шаҳрида, кейинги йил бошидан бошқа ҳудудларда қурилишда аниқланган барча камчиликлар фотосуратлари билан тизимга онлайн киритилади ва назорат жараёнлари автоматлаштирилади.

Қурувчи ташкилот ёки фуқароларга қурилиш жараёни тартиблари ва шартлари ҳақида тўлиқ маълумотларни исталган вақтда олиш имкониятини берувчи онлайн тизим ишга туширилади.

Барча шаҳарсозлик қоида ва нормалари интерактив кўринишга ўтказилиши, лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича барча жараёнларни рақамлаштириш ҳамда экспертиза хулосаларини ягона базада сақлашни йўлга қўйиш кераклиги қайд этилди.

Бу чоралар мамлакатимизда қурилишга рухсат бериш жараёнини 254 кундан 84 кунга қисқартириш, ушбу жараёнлардаги тартиб-таомилларни 17 тадан 5 тага камайтириш, тадбиркорлар ва фуқароларнинг бу ишларга сарфланадиган вақтини 67 фоизгача қисқартириш имконини беради.

Йиғилишда мутасаддилар қурилиш соҳасини рақамлаштириш, очиқликни таъминлаш, шаҳарсозлик қоида ва нормаларини янгилаш борасидаги ишлар бўйича тақдимот қилди.

Манба