2020 йилнинг 15 сентябрь куни «БМТ-аёллар» тузилмаси ташкил топганлигининг 10 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Видеомулоқотда Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Нарбаева иштирок этди.
Нуфузли анжуманда мазкур тузилмага аъзо давлатларнинг миллий ташкилотлари раҳбарлари, 170 дан ортиқ мамлакатнинг кўзга кўринган етакчи аёллари, парламент аъзолари, таниқли сиёсатчилар қатнашдилар.
Форумда гендер тенглик ҳамда аёлларнинг сиёсий ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, давлат ва жамият ишларидаги ўрнини кучайтириш масалалари муҳокама этилди.
Ўзбекистон томони юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг мамлакатимиз сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳаётида фаол иштироки ҳамда гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Бунда дунё миқёсида давом этаётган пандемия шароитида аёлларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий фаоллигини тиклаш, ижтимоий жиҳатда кўмак бериш масалаларига урғу берилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси фаолияти ҳақида сўз юритилиб, пандемия шароитида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларга тадбиркорлик учун шарт-шароитларини яратиш, болали аёллар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш каби вазифаларга юртимизда устувор аҳамият қаратилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, оиладаги зўравонлик ҳолатлари камайиш учун амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида эришилаётгани ютуқлар ҳақида сўз юритилди.
Хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш бўйича аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларига мансуб қизлар учун махсус квоталар киритилгани форумда алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистонда пандемия шароитида аёллар бандлиги ва ўзини ўзи банд қилиш соҳасида ахборот коммуникация технологияларидан кенгроқ фойдаланиш, қишлоқ жойларида хотин-қизларнинг АКТ ва бизнес соҳасидаги иқтисодий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича кўламдор дастурлар амалга оширилаётгани ҳақида сўз юритилди.
Халқаро форумнинг хорижий иштирокчилари Ўзбекистоннинг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, аҳоли, айниқса хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича миллий дастурлари самарадорлигини алоҳида эътироф этдилар. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда изчил амалга оширилган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон пандемия билан боғлиқ инқирозга муваффақиятли қарши туриб, унинг оқибатларини енгиб бормоқда.
Видеоконференция якунида иштирокчилар томонидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.
Олдингиси
Тошкентда Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаковнинг Россия Федерацияси Ҳукумати Раисининг ўринбосари А.Оверчук билан учрашуви бўлиб ўтди.
17.09.2020