Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ташаббуси билан «Friedensdorf International» халқаро хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг тиббий ва ижтимоий муассасаларини коронавирусга қарши курашишда қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, техноген фалокатдан азият чеккан Сирдарё вилоятига ёрдам беришга қаратилган инсонпарварлик акцияси ўтказилди, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.
Акция доирасида тўпланган тиббиёт жиҳозлари, ногиронлар аравачалари, дори-дармонлар, турли хил тиббиёт асбоб-ускуналари, материаллар ва ҳимоя воситаларидан иборат умумий оғирлиги 2,8 тоннадан ортиқ бўлган гуманитар юк Ўзбекистонга юборилди. Инсонпарпарварлик кўмаги 27 июль куни «Uzbekistan Airways» АЖ чартер рейси билан Франкфурт-Майн шаҳридан Тошкентга етказиб берилди.
Гуманитар юк «Соғлом авлод учун» жамоат фонди номига юборилди. Фонд Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда инсонпарварлик ёрдамининг тўғри тақсимланишини таъминлайди.
«Friedensdorf International» халқаро хайрия ташкилоти 1967 йил ташкил этилган. У ҳозирда дунёнинг 35 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритади. 12 ёшгача бўлган бемор болаларни даволаш ва реабилитация қилишда ёрдам бериш ташкилотнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Ташкилот ҳар йили Германия клиникаларида дунёнинг турли мамлакатларидан келган 1 минг 500 дан ортиқ болани бепул даволайди ва реабилитация қилади.
«Friedensdorf International» ва «Соғлом авлод учун» жамғармаси 2002 йилдан бери Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида, “Friedensdorf International” ёрдамида 300 дан ортиқ ўзбекистонлик бола Германияда бепул даволанди.
Бундай тадбирлар йилига икки марта ўтказилади. Даволаниш ва реабилитация курсларидан ўтган болалар ўз ватанига қайтиб келади ва яна даволанишга муҳтож болалар Германияга юборилади. Айни пайтда ўзбекистонлик 16 нафар бола Германиянинг турли клиникаларида даволанмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 20-23 январь кунлари Германияга расмий ташрифи доирасида «Friedensdorf International» халқаро хайрия ташкилоти мамлакатимиз болалари саломатлигини сақлашда фаол иштирок этгани учун Ўзбекистон Республикасининг II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган эди.
«Friedensdorf International» мазкур инсонпарварлик юки билан бир қаторда Германияда даволанган ўзбекистонлик болалар учун махсус дори-дармонларни ҳам юборди.
«Friedensdorf International» гуманитар лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Клаудия Пеппмюллер, «Дунё» ААнинг Берлиндаги мухбирига берган интервьюсида коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар туфайли юзага келган қийинчиликларга қарамай, мазкур инсонпарварлик акцияси амалга оширилганидан мамнунлигини айтди.
— Ҳозирги вақтда коронавируснинг тарқалиши туфайли бутун дунё мураккаб аҳволда. Кўплаб мамлакатлар эса жуда қийин вазиятга рўбарў келди, — деди у. — Ушбу муаммо Ўзбекистонга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Сирдарёда сув омбори тўғонининг ўпирилиши билан боғлиқ табиий офат юзага келди. Ушбу табиий офат натижасида кўплаб одамлар уй-жойсиз қолди ва пандемия келтириб чиқарган оғир муаммоларни янада кучайтирди.
Биз ўзбек халқи билан бирдамликни ҳис қилмоқдамиз ва шунинг учун ёрдамга муҳтож одамларга ёрдам бериш учун ҳамкоримиз «Соғлом авлод учун» жамғармасига инсонпарварлик ёрдамини юборишга қарор қилдик. ,из бундай қийин вазиятда Ўзбекистон элчихонаси ва бошқа шерикларимиз билан биргаликда инсонпарварлик юкини йиғиб, Ўзбекистонга юборганимиздан фахрланамиз.