Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Женевага ташрифи доирасида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) бош директори Г.Райдер, Халқаро миграция ташкилоти бош котиби А.Виторино билан учрашди.
Ўзбекистон томонидан кўрилган чора-тадбирлар ХМТ сиёсати билан ҳамоҳанг
ХМТ бош директори Г.Райдер Ўзбекистон 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлганлиги билан табриклаб, бу инсон ҳуқуқларини таъминлаш, шу жумладан болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида мамлакат томонидан бажарилган катта ишлар, ХМТ конвенцияларининг самарали рўёбга чиқарилиши натижаси эканини таъкидлади.
Учрашувда коронавирус инфекциясининг мамлакатлар иқтисодиётига таъсири билан боғлиқ масала кўтарилди. Г. Райдер барча мамлакатларнинг меҳнат бозори зарар кўрганини таъкидлади. Пандемия шароитида ишсизлик ва қашшоқликнинг ўсиши энг ривожланган мамлакатларда ҳам жиддий муаммога айланди.
— Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилган қатъий чоралар, ўз вақтида олдини олиш бўйича улкан саъй-ҳаракатлар, изчиллик билан самарали вазифалар бажарилиши, шунингдек сўнгги 3 йилдаги ислоҳотлар суръати ва кенг қамровлилиги жамият ва иқтисодиётга коронавирус салбий таъсирининг оқибатларини юмшатди, — деди ХМТ бош директори. — Иқтисодий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш республикага нафақат коронавирусга қарши курашиш, балки унинг бизнес ва аҳоли даромадлари даражаси учун кўплаб салбий оқибатлари билан курашиш имконини берди. Пандемиянинг иқтисодиёт ва меҳнат бозорига кўрсатадиган салбий оқибатларини юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан кўрилган чора-тадбирлар ХМТнинг COVID-19 оқибатларига қарши курашиш сиёсати билан ҳамоҳанг.
Г. Райдернинг фикрича, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг пандемия даврида БМТ шафелигида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятларининг халқаро кодексини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббуси дунё ҳамжамияти учун қизиқиш уйғотмоқда. ХМТ ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқишда ўз экспертлари билан ёрдам беришга тайёр. Бундан ташқари, инқироздан кейинги даврда меҳнат бозорларини тиклаш учун бу ишсизлик ва ходимлар даромадларини йўқотиш билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштиришда самарали ечим бўлиши мумкин.
Г.Райдер COVID-19 пандемиясининг меҳнат бозори ва аҳолини ижтимоий муҳофазасига таъсири бўйича биргаликда тадқиқот ўтказгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди. Мазкур тадқиқот аҳолининг энг заиф қатламларини аниқлашга ва уларни манзилли қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқишга имкон берди. Жумладан, ХМТ кўмагида бандликка кўмаклашиш марказлари ишининг функционал имкониятлари қайта кўриб чиқилмоқда, Жамоат ишлари фондининг функционал таҳлили якунланмоқда.
Ўзбекистоннинг пахта теримида ва умуман мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш масаласида эришаётган ютуқларига урғу берилди. ХМТ бош директори таъкидлаганидек, мамлакатимиз болалар меҳнатидан мунтазам фойдаланишни мақбул эмас деб эътироф этишга ва бундай меҳнатдан фойдаланишга чек қўйишга муваффақ бўлди. Қонунчилик даражасида кўрилган чоралар, жумладан, жарималар оширилиши ва ушбу йўналишдаги қонунбузарликлар учун жиноий жавобгарлик жорий этилиши мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам беришга хизмат қилиши керак.
Ҳамкорлик истиқболларига келганда Г.Райдер ХМТнинг инклюзив иқтисодий ўсиш учун муносиб ва сифатли иш ўринларини яратиш, инқироздан кейинги даврда ишчи кучи сифатини ва унинг мобиллигини ошириш, Ўзбекистон ва ХМТнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги мамлакат ҳамкорлик дастурига жалб қилиш орқали ижтимоий мулоқотни кучайтириш соҳасидаги Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашга кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.
Халқаро миграция ташкилоти ва Ўзбекистон ҳукумати: ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди
Шу куннинг ўзида парламент юқори палатаси раҳбари Танзила Нарбаева Халқаро миграция ташкилоти бош котиби А.Виторино билан учрашди. Бош котиб сўнгги йилларда мамлакатда чет элда фаолият олиб бораётган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
— Халқаро миграция ташкилоти Ўзбекистонда мамлакат аҳолисининг ижтимоий заиф қатламлариини ҳимоя қилиш, меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ўзгаришларни диққат билан кузатмоқда, — деб таъкидлади А. Виторино. — Мен шу йилнинг 17 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигидаги ўтказилган ва чет элда ишлаётганлар учун муносиб шароитлар яратиш масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиш якунларини диққат билан ўрганиб чиқдим ва унда қабул қилинган қарорларни тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Халқаро миграция ташкилоти раҳбари, шунингдек, COVID-19 пандемиясига қарши кўрилган карантин ва чеклов чоралари туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида қийин аҳволга тушиб қолган Тожикистоннинг 250 нафар фуқароси ўз юртига қайтиши учун инсонпарварлик йўлагини яратиш ҳақидаги Ўзбекистон томонининг қарорини юқори баҳолади.
Ўз навбатида, Халқаро миграция ташкилоти қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали техник ёрдам кўрсатишни давом эттиришга тайёр. Жумладан, Ўзбекистонда Халқаро миграция ташкилотининг умумий қиймати 1 млн. доллардан ортиқ бўлган 1 та миллий ва 4 та минтақавий лойиҳасини амалга оширишга шай.
А.Виторин Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини таъкидлаб, Ташкилотнинг мамлакатдаги идорасидаги ходимлар сонини кўпайтириш ва Тошкентда тўлиқ фаолият кўрсатувчи ваколатхона очиш орқали Ташкилотнинг мамлакатимиздаги фаолиятини кенгайтириш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик тўғрисида икки томонлама битим имзоланди.
Халқаро миграция ташкилоти раҳбари Т. Нарбаевани шу йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Халқаро миграция ташкилоти ва БМТнинг Европа иқтисодий комиссиясининг видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган қўшма тадбирида асосий меҳмон сифатида иштирок этишга таклиф этди.
Учрашув якунларига кўра ўзаро манфаатли масалалар бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва Халқаро миграция ташкилоти ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ўртасида алоқаларни кенгайтириш тўғрисида келишувга эришилди.