2020 йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов видеоконференция шаклида бўлиб ўтадиган «Хитой – Марказий Осиё» биринчи вазирлар учрашувида иштирок этади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.
Тадбирда, шунингдек, Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван И, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов қатнашади.
Видеоконференция чоғида коронавирус пандемиясига қарши курашишда ҳамкорлик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодий ўсишга кўмаклашиш механизмлари билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилиниши кўзда тутилган.