Ўзбекистон-Қирғизистон Ҳукуматлари делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди

 Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 26 август куни Қирғизистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Акрам Мадумаровни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат Президентларининг ташаббуслари ва саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, аниқ амалий мазмун билан бойигани қайд этилди.

Учрашувда давлат чегараларини делимитация қилиш, ўтказиш пунктлари самарали фаолиятини таъминлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, икки давлат Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда чегараолди ҳудудлар раҳбарлари (ҳокимлари) Кенгашининг навбатдаги мажлисларини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Шу кунларда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Ҳукуматлари делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда.

Манба