Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея Ҳукуматлараро қўмитасининг 10-чи йиғилиши

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни видеоконференция шаклида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея Ҳукуматлараро қўмитасининг 10-чи йиғилиши бўлиб ўтди.

Учрашув Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Корея Республикасининг савдо, саноат ва энергетика вазири Сонг Юн Мо раислиги остида бўлиб ўтди.

Тадбир ва кун тартибидаги муҳим масалалар бўйича фикр алмашиш давомида ҳар икки томоннинг қишлоқ хўжалиги, энергетика, соғлиқни сақлаш, ахборот-коммуникация технологиялари, фармацевтика, енгил саноат, шунингдек, банк-молия секторида кўп қиррали ўзаро алоқаларни кенгайтиришга қатъий содиқлиги билдирилди.

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги товар айланмаси ҳажмининг сезиларли ўсиши қайд этилди. Шу билан бир вақтда томонлар ушбу йўналишда фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, ушбу муносабат билан яқин келажакда 5 млрд долларлик товар айланмаси ҳажмига эришиш мақсадида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо алоқаларини чуқурлаштириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилдилар. Шу нуқтаи назардан, савдо қилиш жараёнидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда Ўзбекистон ва Корея компаниялари томонидан ташқи савдо операцияларини амалга ошириш учун шароитларни оптималлаштириш бўйича аниқ таклифлар ҳам билдирилди.

Инвестиция соҳасидаги муваффақиятли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди - ҳозирги вақтда 2017 йил ноябрь ойида Кореяга ва 2019 йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар давомида эришилган келишувларга мувофиқ нефть-кимё, тоғ-металлургия, энергетика, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, томонлар энг истиқболли йўналишларда янги саноат кооперацияси лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш учун бир қатор шарт-шароитлар мавжудлигини таъкидладилар ва ушбу йўналишда яқин ҳамкорликда ишлашга келишиб олдилар.

Тадбир якунида эришилган асосий келишувлар ва икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари акс эттирилган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея Ҳукуматлараро қўмитасининг 10-чи йиғилишининг баённомаси имзоланди.

Манба