Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков Эрон Ислом Республикаси иқтисодий масалалар бўйича вице-президенти М.Наҳавандиан билан видеоконференция орқали музокаралар ўтказиб, пандемиянинг ҳар икки мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатиш доирасидаги ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистон - Эрон савдо - иқтисодий, инвестициявий, молия – техникавий, транспорт ва логистика соҳаларидаги шерикликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Мулоқот чоғида урғу инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масаласига берилди: Ўзбекистон - Эрон қўшма корхоналар сони барқарор ўсишни кўрсатаётгани қайд этилди - ўтган йил давомида уларнинг сони 1,5 баробар кўпайди. Қишлоқ хўжалиги, электроэнергетика, кимё ва нефть-кимё соҳаларида саноат кооперация қилишга бўлажак ўзбекистонлик ва эронлик ҳамкорларни фаол жалб этишга келишиб олинди.
Эрондаги "Киш", "Чобаҳор", "Арас" эркин иқтисодий зоналари ва Ўзбекистондаги "Навоий" ва "Ангрен" ЭИЗлари ўртасида саноат кооперацияси асосида муваффақиятли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари алоҳида кўриб чиқилди.
Суҳбат давомида икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатлар кўриб чиқилди. Ўзаро савдо ҳажмини ошириш учун бир қатор шарт-шароитлар хусусан, икки мамлакатнинг жўғрофик жиҳатдан яқинлиги ва ривожланган транспорт инфратузилмасининг мавжудлиги таъкидланди. 1993 йилда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида имзоланган “Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим”нинг янги таҳририни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, икки мамлакатнинг транзит салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш учун янги имкониятлар яратиш ва Эрон ва Ўзбекистонни боғловчи транспорт йўлаклари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
Музокаралар натижасида жорий йилнинг иккинчи ярмида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Эрон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилишига тайёргарлик кўриш ишларини бошлашга қарор қилинди. Тадбирнинг ўтказилиши икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга оширишга янги туртки беради. Шу муносабат билан муҳокама этилган ҳамкорлик йўналишларини амалга ошириш бўйича қўшма ишчи гуруҳи тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ишчи гуруҳ аъзолари Эрон томони билан эришилган келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишнинг ўзига хос механизмларини назарда тутувчи биргаликда амалга ошириладиган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқадилар.