6 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ва Туркия Республикаси Буюк миллий мажлиси спикери Мустафа Шентопнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтган суҳбат аввалида Туркия Республикаси Буюк миллий мажлиси спикери Мустафа Шентоп ўзбекистонлик ҳамкасби Т.Нарбаевани ва у орқали бутун халқимизни муборак Рамазон ойи билан табриклади.
Шу билан бирга, Мустафа Шентоп “Сардоба” сув омборида рўй берган кўнгилсиз ҳодисадан жабр кўрилгани муносабати билан ҳамдардлик билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан тезкор ва муҳим чоралар кўрилганини алоҳида эътироф этди. Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ришталари ҳақида сўз юритиб, Туркия-Ўзбекистоннинг энг яқин дўсти ҳисобланиши ва ёрдамга тайёр эканлигини билдирди.
Шунингдек, Мустафа Шентоп ўзи ва парламент аъзолари номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда халқига чуқур ҳурмат ва эҳтиромини билдирди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Нарбаева икки давлат раҳбарлари ташаббуси билан ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган турли соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани ва бу жараёнда парламентлараро муносабатлар муҳим аҳамият касб этишига урғу берди. Шунингдек, Ўзбекистон Туркияни энг муҳим стратегик шерикларидан ҳисоблашини алоҳида қайд этиб ўтди.
Ўз навбатида икки томонлама парламентлараро муносабатлар тобора кенгайиб бораётгани, қолаверса, Туркий тилли давлатлар маслаҳат кенгаши доирасида ҳам ҳамкорлик ришталари янада ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Кейингиси
ЎЗБЕКИСТОН ВА ЭНЕРГЕТИКА ХАРТИЯСИ КОТИБИЯТИ ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ УСУЛЛАРИНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИ
Ўзбекистон энергетика вазирлигида Энергетика хартияси билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган веб-семинар ўтказилди.
07.05.2020