Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг биринчи ташкилий йиғилиши

2020 йилнинг 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашининг биринчи ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирда Кенгаш аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

 Таъкидланганидек, ҳозирги пайтда нуфузли халқаро тузилмалар томонидан 100 дан ортиқ халқаро рейтинг ва индекслар юритилади. Улар мамлакатлар ва компанияларнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий ва бошқа соҳалардаги тараққиётига баҳо бериш учун асос ҳисобланади.  

Шу боисдан сўнгги тўрт йил мобайнида мамлакатимизда бу йўналишда изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ республикамиз Мерос жамғармасининг “Иқтисодий эркинлик” индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг “Логистика самарадорлиги” индексида 19 поғонага, “Бизнес юритиш” индексида 18 поғонага кўтарилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 июнидаги   “Ўзбекистон Республикасининг Халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги Фармони билан илк бор мамлакатимизда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши тузилди. Олий Мажлис Сенати Раиси  Кенгашнинг  мақсад ва вазифаларига алоҳида тўхталди. Таъкидланганидек, янги тузилма мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш билан шуғулланади. Шунингдек,  турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлайди. Мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш ҳам Кенгаш зиммасига юклатилган асосий вазифалардан бири эканлиги алоҳида қайд этилди.

Танзила Нарбаева, агар шу пайтгача барча вазирлик ва идоралар бу йўналишда бир-бири билан келишмаган ҳолда иш олиб борган бўлсалар, эндиликда уларнинг бу йўналишдаги фаолияти Кенгаш томонидан тўлиқ мувофиқлаштирилиб, назорат қилинишини таъкидлаб ўтди. Бу эса ушбу комплекс жараённинг муваффақиятли кечишини, мазкур йўналишда мавжуд барча имкониятлар ишга солинишини таъминлайди. Бунда барча вазирлик ва идоралар фаолияти мамлакатимизнинг халқаро рейтингларидан келиб чиқиб баҳоланишига урғу берилди.  Бу ўз навбатида давлат тузилмаларининг ушбу масаладаги масъулиятини сезиларли даражада ошириш имконини беради.

Шунингдек, Кенгаш назорати остида вазирлик ва идораларнинг қуйи бўғинларидан бошлаб, республика ва ҳудудий даражада, вилоятлар, туманлар зарур бўлган ҳолларда маҳаллалар кесимида иш ташкил этилади.

 

Бунда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг салоҳиятидан ҳам кенг фойдаланилади.    Кенгаш томонидан олиб борилаётган ишлар натижаларидан келиб чиқиб, қонунчиликни янада такомилаштириш, долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ҳам ишлаб чиқилади.

Сенат Раиси томонидан таъкидланганидек,  мазкур йўналишдаги ислоҳотлар аввало халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган. “Буларнинг ҳаммаси аҳоли учун қилиняпти, таъбир жоиз бўлса, халқаро рейтинглар – бу аҳолининг розилиги кўрсаткичлари деб қабул қилиниши мумкин. Чунки мазкур йўналишда амалга ошириладиган ислоҳотлар Ўзбекистон халқи турмуш даражасининг юксалишига хизмат қилади”, дея таъкидлади Танзила Нарбаева.

Сенат Раиси, халқаро рейтингларни тузиш пайтида тегишли тузилмалар асосий манба сифатида аввало мамлакатдаги фуқаролик жамияти вакиллари фикрига таянишини, шу жиҳатдан республикамизнинг рейтинглардаги ўрни учун масъул вазирлик ва идоралар аввало нодавлат нотижорат ташкилотлари, оддий фуқаролар билан яқиндан иш олиб боришлари лозимлигини қайд этди.

Шу жиҳатдан йиғилишда ижтимоий-иқтисодий соҳага доир халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси ўрнини яхшилаш бўйича кўриладиган зарур чоралар муҳокама марказида бўлди. Бунда вазирлик ва идораларда уларга бириктирилган индекслар билан ишлашга масъул ходимлар тайинланмаганлиги, бу борада зарур чора-тадбирлар режалари ва “йўл хариталари” ишлаб чиқилмаганлиги кескин танқид остига олинди. Ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар устидан қатъий назорат ўрнатилиши лозимлиги, ҳар бир вазирлик ва тегишли идораларда халқаро рейтингларга масъул бўлган бўлинмалар ташкил этиш зарурати уқтирилди. Халқаро рейтинлар тузиш учун талаб қилинадиган статистик маълумотларни йиғиш ва ишлаш механизмини йўлга қўйишга ҳам эътибор қаратилди.

 Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини юксалтиришга тўсқинлик қилаётган коррупция, тадбиркорлик фаолиятига ҳалал бериш ҳоллари каби муаммоларни ҳал қилиш юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

 Мажлисда Кенгаш фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Манба