ХХР элчиси: Хитой ва Ўзбекистон коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва ўзаро муносабатларни ривожлантиришда катта муваффақиятларга эришмоқда

Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Янь ХХР ташкил этилганининг 71 йиллиги муносабати билан видеомурожаат билан чиқиб, мамлакатнинг бугунги тараққиёт даври ҳамда Хитой-Ўзбекистон муносабатлари ҳақида сўзлаб берди.

Элчи Цзян Яннинг таъкидлашича, Хитой жорий йилнинг охирига қадар ўртача фаровонлик таъминланган жамиятни барпо этиш жараёнини якунлайди. Кутилмаган коронавирус пандемияси Хитойда ривожланиш суръатларига ўз таъсирини кўрсатди, аммо мамлакат пандемияга қарши курашда катта ютуқларни қўлга киритди ва қисқа танаффусдан сўнг иқтисодий ўсишга эришиб, иккинчи чоракда ялпи ички маҳсулот 3,2 фоизга ортди. Пандемия муаммолари, шунингдек, июль ойидан буён мамлакатнинг аксарият қисмини қамраб олган кучли тошқинлар шароитида Хитой ҳукумати одамларнинг шахсий ва мулкий хавфсизлигини таъминлаш учун барча чора-тадбирларни кўрмоқда ва белгиланган мақсад сари олға интилишда етакчилик қилмоқда.

Элчи жорий йил Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган инсониятнинг умумий тақдири концепцияси халқаро майдонда ижобий қабул қилинганини қайд этди. Коронавирус эпидемиясидан биринчи бўлиб азият чеккан Хитой бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига тезкорлик билан хабар берди ҳамда эпидемиянинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича тўпланган тажрибаси ҳақидаги маълумотларни бошқа мамлакатларга мунтазам тарзда етказмоқда. Хитой шу мақсадда ЖССТга 50 миллион доллар тақдим қилди, 150 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотга ёрдам кўрсатди.

Хитой ҳамкор давлатлар иқтисодий тикланишига ёрдам бериш учун «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасидаги инвестициялар ҳажмини 8,12 миллиард долларга етказди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,4 фоизга кўпдир. Хитой инсониятнинг умумий тақдири концепциясига қатъий равишда амал қилмоқда, ҳурмат, адолат ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида янги мазмундаги давлатлараро муносабатларни шакллантиришга интилмоқда.

Хитой-Ўзбекистон муносабатлари жорий йил синовларидан ўтиб, янада барқарорлашиб ва мустаҳкамланиб бормоқда. Элчи Цзян Яннинг сўзларига кўра, Хитой ва Ўзбекистон бир-бирини қўллаб-қувватлаб, эпидемияга қарши курашиш ва ўзаро муносабатларни ривожлантиришда катта муваффақиятларга эришди. Жорий йил май ойида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали суҳбат ўтказдилар ҳамда икки ва кўп томонлама йўналишлардаги кўп қиррали муносабатларнинг кенг қамрови бўйича умумий англашувга эришдилар.

Томонлар турли даражалар ва соҳаларда яқин алоқаларни давом эттирмоқда. Хитой ва Ўзбекистон кенг жамоатчилик вакиллари пандемияга қарши курашишнинг муҳим палласида бир-бирига ёрдам қўлини чўзди ва бу борада ўзаро тажриба алмашди. 1 минг 300 дан ортиқ хитойлик мутахассис қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистонга чартер рейслар билан келди ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда иштирок этмоқда. Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, транспорт, фан-техника, энергетика ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликда янги ютуқларга эришмоқда.

Цзян Янь ўз сўзи якунида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли келажагига ишонч билдирган. Пандемия ривожланиш истиқболларига салбий таъсир кўрсата олмайди, вақтинчалик синовлар Хитой ва Ўзбекистон халқларининг ўзаро ҳамкорлик сари қўяётган қадамларини тўхтатолмайди, бизни ғайратга тўла янада хавфсиз ва гўзал келажак кутмоқда, деб таъкидлаган дипломат.

Манба