Язгули Маммедов: Туркманистон – Ўзбекистон халқлари асрлар давомида тинчлик ва тотувликда яшаб, доимо ўзаро яқин биродарлик ҳамда оилавий алоқаларни қадрлаб келган

Туркманистон Ўзбекистон учун дўст қўшни давлат, минтақа ва халқаро миқёсда ишончли шериклардан биридир. Бугун икки давлат раҳбарлари — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мустаҳкам сиёсий иродаси, дўстона муносабатлари туфайли икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Энергетика, транспорт, машинасозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги каби соҳаларда ҳамда бошқа қатор муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мисли кўрилмаган фаоллашуви Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги алоқалар ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамлигини яққол кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида «Дунё» АА мухбири Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Язгули Маммедов билан давлатларимизнинг икки томонлама муносабатлари ривожланиши ва истиқболлари хусусида суҳбатлашди.

— Элчи жаноблари, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Ўзбекистон – Туркманистон дўстлиги, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари, унинг узоқ ва қисқа муддатли истиқболлари ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

— Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 2018 йил апрель ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида «Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик бугунги кунда Марказий Осиёдаги жараёнларнинг барқарорлиги ва ижобий ривожланиши учун стратегик омил ҳисобланади. Бу, авваламбор, минтақадаги мамлакатларимизнинг Осиёда узоқ муддатли барқарорликнинг ишончли бўғини, можаролар ва қарама-қаршиликлардан холи ва кенг халқаро шериклик майдонига айланиши демакдир. Туркманистон ва Ўзбекистон минтақамиздаги барча муаммолар фақат тинч йўл билан, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат, тенглик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида ҳал қилиниши кераклигига аминмиз» дея қайд этган эди.

Халқларимиз асрлар давомида тинчлик ва тотувликда яшаб, ҳар доим ўзаро яқин биродарлик, оилавий алоқаларни қадрлаган. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли ва дўстона мулоқот туфайли алоқаларимиз янги босқичга кўтарилди.

Бизда умумий жиҳатлар кўп, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун катта салоҳият бор. Келажакка некбинлик билан қараш, қисқа муддатли ва узоқ муддатли истиқболда биргаликдаги иш режаларини ишонч билан қуриш учун барча асослар мавжуд. Сув-энергетика соҳаси, транспорт, агросаноат мажмуаси, маданий-гуманитар ҳамкорлик, туризм, спорт, таълим каби соҳаларда ҳамкорлик биз учун истиқболли йўналиш ҳисобланади.

 Мамлакатларимиз икки ва кўп томонлама шаклда фаол ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда. Марказий Осиё минтақаси салоҳиятини ошириш, иқтисодиётнинг ўсиши ва транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришда давлатларимиз ўрнини қандай баҳолайсиз?

— Муносабатларимиз, авваламбор, икки томонлама шерикликнинг устувор йўналишлари ва истиқболлари тўғрисидаги қарашларда, шунингдек, минтақавий ва халқаро ривожланиш тенденциялари нуқтаи назаридан тўлиқ ўзаро англашувга боғлиқдир. Туркманистон ва Ўзбекистон БМТ, ЕХҲТ, МДҲ каби нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ўзаро яқин ҳамкорлик қилмоқда.

Ўтган йили Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-транзит, қишлоқ хўжалиги, саноат кооперацияси, энергетика, сув ресурслари, туризм, фан ва маданият, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, шакллари ва механизмлари кўриб чиқилди.

Учрашув иштирокчилари минтақада саноатни ривожлантириш соҳасида Марказий Осиё давлатлари сиёсатининг устувор мақсад ва вазифаларига жавоб берадиган замонавий саноат инфратузилмасини яратиш бўйича қўшма чора-тадбирларни кўришга тайёр эканини билдирди.

Юқоридаги соҳаларда ҳамкорлик халқларимиз фаровонлигини оширишга қаратилган. Биз транспорт-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳақида узоқ гаплашишимиз мумкин. Чунки бу соҳа иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади ва бу борада бизда турли лойиҳалар мавжуд.

Улардан бири — «Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон» халқаро транспорт-транзит йўлагини яратишдир. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратади ва транзит юк оқимларининг кўпайишига ижобий таъсир кўрсатади.

Маълумки, Туркманистон ва Ўзбекистон ўзаро автомобиль, темир йўли орқали боғланган. Бу “Марказий Осиё – Европа”, “Марказий Осиё – Кавказ – Яқин Шарқ”, “Марказий Осиё – Хитой” йўналишларида ҳам қўшма транспорт лойиҳаларини режалаштиришга имкон беради.

Туркманистон ва Ўзбекистон Президентлари томонидан 2017 йилда Амударё орқали ўтувчи автомобиль ва темир йўл кўприкларининг очилиши юк оқимининг Осиё-Тинч океани минтақаси давлатларидан, Жанубий Осиёдан Каспий денгизига ва ундан кейин Қора денгиз ва Ўрта ер денгизи минтақаларига, Европа, Кавказ, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларига тўғридан-тўғри чиқишини таъминлади.

— Ўзбекистоннинг таълим, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш бўйича ташаббусларини қандай баҳолайсиз?

— Барчамиз Ўзбекистонда таълим тизими изчил ривожланиб бораётганига гувоҳмиз. Юртингизда нуфузли хорижий таълим муассасалари филиаллари очилмоқда. Улар ёшларга турли замонавий йўналишларда ўқиш имкониятини беради. Бундан ташқари, Ўзбекистон деярли дунёнинг барча давлатлари, шу жумладан Япония, Жанубий Корея, Хитой, МДҲ давлатлари, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқалар билан талабалар алмашинувини йўлга қўйган. Талабалар замонавий билимларни эгаллаш билан бирга, хорижий тилларни ҳам мукаммал ўрганмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртлари ва коллежларида 3 минг 650 нафардан ортиқ Туркманистон фуқароси таҳсил олмоқда. Шулардан 900 нафарга яқини 2020 йилда ўқишни муваффақиятли тамомлади. Йил бошидан буён Бухоро, Нукус, Урганч шаҳарларидаги таълим муассасаларида бир неча бор бўлиб, ёшларимиз учун яратилган шароит билан танишдим.

Фурсатдан фойдаланиб, туркманистонлик талабаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилаётгани учун Ўзбекистон раҳбарияти, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси маъмуриятларига, шунингдек, мамлакатнинг Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Ташқи ишлар вазирликларига миннатдорлик билдираман.

Хабарингиз бор, 2018 йилда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида икки томонлама ҳужжатларнинг мустаҳкам тўпламини имзолашдан ташқари, икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида 15 та ҳужжат имзоланди. Ушбу ҳужжатларнинг барчаси ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бўлиб, шериклик алоқаларининг катта тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, бундан буён ҳам таълим соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиб борамиз, деб ишонч билан айтишим мумкин.

Маданий-гуманитар соҳалар ҳам икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишларидан биридир. Туркманистон ва Ўзбекистон бой маданий, илмий мероснинг меросхўрлари ҳисобланади. Қардош мамлакатлар санъати ва адабиётига ўзаро қизиқиш катта. Туркманистон ва Ўзбекистон туризмни ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Бунда бой тарихий, маданий мерос, қизиқиш катта бўлган ноёб табиий жойлар мавжудлиги асосий омил ҳисобланади.

Туркманистон Ўзбекистон билан маданий алоқаларни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Сўнгги йилларда санъат усталарининг қўшма концерт дастурларини ташкил этиш, мамлакатларимизда ўтказилаётган халқаро ижодий фестивалларда вакилларимизнинг ўзаро қатнашиши яхши анъанага айланди.

 2018 йил апрель ойида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида томонлар 2020 йилгача товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказиш учун зарур чораларни кўришга келишиб олган эди. Ушбу режалар қандай амалга оширилмоқда, коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга қарамай, белгиланган кўрсаткичларга эришиш мумкинми?

— Ҳақиқатан Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг 2018 йил апрель ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида мамлакатларимиз раҳбарлари иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятлар мавжудлигини ва 2020 йилгача ўзаро савдо ҳажмини ярим миллиард долларгача етказиш зарурлигини таъкидлаган эди.

2019 йил якунида Туркманистон билан Ўзбекистон ўртасида маҳсулот айирбошлаш ҳажми 2018 йилга нисбатан деярли 90 фоизга ўсди ва жами 457,8 миллион долларни ташкил этди.

Табиийки, бу йил коронавирус пандемияси глобал иқтисодиётга салбий таъсир қилди. Дунёга инсоният нақадар заиф эканини ва халқларнинг фаровонлиги бир-бирига боғлиқлигини кўрсатди.

Аммо, шунга қарамай, 2020 йилда мамлакатларимиз савдо-иқтисодий, транспорт-логистика соҳаларида шерикликнинг мавжуд салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда. Ишонч билан айтишим мумкинки, йил бошидан буён минтақадаги, шу жумладан транспорт-коммуникация соҳасидаги эпидемиологик вазият, транспорт ва транзит қатнови учун шароитни яхшилашни ҳисобга олган ҳолда трансчегаравий ҳамкорлик юқори даражада бўлди.

Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасида чегара савдо зонасини яратиш, етказиб берилаётган маҳсулот, хизматлар турлари ва ҳажмини кенгайтириш, Тошкент шаҳрида Туркманистоннинг ва Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон савдо уйларини очиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бу табиий равишда мамлакатлар ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми ўсишига ижобий таъсир қилади.

 Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайлангандан сўнг ички ва ташқи сиёсатда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Сизнингча, қайси йўналишдаги ислоҳотлар давлатларимиз ўртасида яқин қўшничилик, ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда?

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг инаугурацияси ва Ўзбекистон Республикасида  «очиқ эшиклар» сиёсати эълон қилинганидан бери мамлакатда аҳоли турмуш даражасининг барқарор ўсиши ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бошланди, мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди ва бу давом этмоқда.

Маълумки, мамлакат ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси, биринчи навбатда, қўшни давлатлар устувор йўналиш сифатида белгиланган. Шуни таъкидлашни истардимки, Туркманистон ва Ўзбекистон асрлар давомида дўстона қўшничилик муносабатларини сақлаб келмоқда. Бугунги кунда замонавий ҳақиқатларни ҳисобга олган ҳолда, Туркманистон – Ўзбекистон муносабатлари энг мақбул даврни бошдан кечирмоқда. Ва биз кўплаб соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликнинг гувоҳи бўлишимиз мумкин.

Ўзаро манфаатли ҳамкорликда янада юқори чўққиларга эришиш Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари, вазирликлари ва идоралари ўртасида эришилган келишувларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишига боғлиқдир. Мамлакатларимизнинг энергетика, транспорт, машинасозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги каби соҳаларда ҳамда бошқа қатор муҳим соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг кенг доираси мамлакатларимиз муносабатларининг мустаҳкамлигини яққол кўрсатиб турибди.

 Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида мамлакатимизда Сизда алоҳида таассурот уйғотган қайси жиҳатларни қайд этишни истардингиз?

– Мамлакатингизда икки йилдан буён ишлаяпман. Элчихонамиз олдига мамлакат раҳбарияти томонидан қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун яқиндан ҳамкорлик қилаётган вазирлик ва идоралар томонидан ҳар томонлама кўмак берилаётган биродар мамлакатда яшаш ва ишлашдан жуда мамнунман.

Қисқа муддатли фаолиятим давомида вилоятларда бўлдим. Шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистоннинг гўзал қадимий манзиллари — Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар, меҳмондўст одамлар ва мазали таомлари ташриф буюрган инсонларни бефарқ қолдирмайди. Шу билан бирга, мамлакатнинг барча ҳудудларида тарих ва замонавий технологиялар бир-бирига уйғун ҳолда лойиҳалаштирилган. Ишбилармонлик муҳити эса кундан кун ривожланмоқда.

Мен яшилликка бурканган, аҳоли гавжум пойтахт Тошкент шаҳрини алоҳида таъкидлашни истардим.

 Мустақиллик куни арафасида Ўзбекистон халқига байрам табрикларингиз.

— Бундай имконият учун раҳмат.  Мустақиллик, тинчлик, тараққиёт – бу буюк тушунчалар доим узоқ кураш орқали қўлга киритилган. Мустақиллик байрамини нишонлаш муносабати билан мен биродар Ўзбекистон раҳбариятини ва халқини самимий табриклайман. Сизларга чин дилдан сиҳат-саломатлик, катта муваффақиятлар, бахт, илиқлик, фаровонлик ва янада равнақ тилайман!

Юртингизда ҳар доим тинчлик ва осойишталик ҳукм сурсин!

Манба