Жаҳон савдо ташкилотига қўшилаётган мамлакатлар норасмий гуруҳининг йиғилишида иштирок этилди

Жорий йилнинг 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Б.Абидов раҳбарлигидаги вазирлик Ишчи гуруҳи Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилаётган мамлакатлар норасмий гуруҳининг видеоконференция шаклидаги йиғилишида иштирок этди.

Тадбирда ЖСТга қўшилаётган 17 давлатларнинг 35 нафар вакиллари, шу жумладан, Белорусия, Сербия, Жазоир, Озарбайжон, Босния ва Герцеговина, Эфиопия, Эрон, Ироқ, Шарқий Тимор ва бошқалар иштирок этишди.

Йиғилиш очилишида, ЖСТ Бош директорининг ўринбосари А.Вулф янги давлатларнинг ЖСТга қўшилиши кўп томонли савдо тизимини мустаҳкамлашини айтиб ўтди. Ташкилотга қўшилиш мамлакатларга кўп томонлама битимлар билан белгиланган ва кафолатланган имтиёзлардан фойдаланиш имкониятини беради.

А.Вулф пандемия тарқалиши билан юзага келаётган ҳолатлар туфайли кўплаб ЖСТ йиғилишлари, жумладан, делегациялар раҳбарлари, умумий Кенгаш ва турли қўмиталарнинг норасмий йиғилишлари видеоконференцалоқа шаклида муваффақиятли ўтказила бошланганлиги ва бу ташкилотнинг штатли режимда фаолият юритишига имкон бераётганлиги тўғрисида ҳабар берди. Бундан ташқари, иштирокчиларга 15 июндан бошлаб ЖСТ ишчи органларининг расмий тадбирлари, шу жумладан, Ташкилотга янги давлатларнинг қўшилиши бўйича ишчи гуруҳларининг йиғилишлари босқичма-босқич қайта тикланиши режалаштирилаётлиги маълум қилинди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига жорий йилнинг 8 июнидан ЖСТнинг кейинги раҳбари лавозимига номзодларни тақдим этиш жараёни бошланганлиги ҳақида ҳабар берилди.

Маълумот учун: бундан аввал, жорий йилнинг 14 май куни ЖСТнинг амалдаги Бош директори Р.Азеведу шу йилнинг 31 август куни, 2021 йилда ваколатларининг муддати тугашидан олдин, Ташкилот раҳбари лавозимидан истеъфога чиқишга қарор қилганлигини эълон қилди.

Йиғилишда Ўзбекистон томонидан ЖСТга аъзо бўлган давлатларга ва Котибиятига Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш бўйича Ишчи гуруҳининг 4-йиғилишини ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами юборилганлиги тасдиқланди. Шунингдек, А.Вулф Ўзбекистон томонини ЖСТ Котибияти ушбу масалани тезкор равишда кўриб чиқишга киришишга тайёр эканлигига ишонтирди.

Шунингдек, тадбир доирасида бир қатор давлатлар вакиллари Ташкилотга кириш жараёнининг жорий ҳолати ҳақида қисқача маълумот беришди: хусусан, Ўзбекистон билан бир қаторда бўлган Белорусия, Сербия, Босния ва Герцеговина, Озарбайжон, Эфиопия, Комор ороллари ва Шарқий Тимор фаол қўшилиш босқичида бўлиб, тегишли ишчи гуруҳларининг йиғилишларини ўтказиш бўйича қарорлар қабул қилинишини кутмоқдалар, Сомали ва Кюрасао қўшилиш жараёнининг дастлабки босқичларидадир.

Тадбир якунида томонлар ЖСТ кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун кейинги норасмий гуруҳ йиғилишлари доирасида фаол ахборот алмашинувини давом эттиришга келишиб олдилар.

Манба