“Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишнинг истиқболли эканини кўрмоқдамиз" – Уильям Томпсон

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) Евроосиё бўлими раҳбари Уильям Томпсон ҳозирги даврда Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши ва мамлакатда бизнес юритиш учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида муносабат билдирди.

– Ўзбекистон билан ўн йилдан ортиқ вақт давомида ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. 2016 йилдан буён шериклигимиз жадал, ўзаро ишонч ва фаол ривожланмоқда. Илк фаолиятимиз 2017 йилда Ўзбекистонда кичик ва ўрта корхоналар экспортини ривожлантириш тўғрисидаги ҳисоботни ишлаб чиқиш билан бошланди. Эътиборга молик жиҳати, айнан шу даврда Ўзбекистонда кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар бошланди.

Ҳозирги кунда биз Европа Иттифоқи билан янги дастур доирасида бизнес юритиш учун ҳуқуқий шароитларни яхшилаш, Ўзбекистонда ҳуқуқий меъёр ва қонунларни такомиллаштириш бўйича ишламоқдамиз. Шунингдек, ИҲТТ иқтисодиётни ривожлантиришда жуда муҳим роль ўйнайдиган хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқда.

Рақобатбардошлик ҳақида гапирганда, Ўзбекистон минтақанинг бошқа мамлакатлари билан таққослаганда кучли томонларга эга эканини таъкидламоқчиман. Ишлаб чиқариш ва экспорт таркиби, шунингдек, экспорт бозорлари етарлича диверсификация қилинган, шунинг учун иқтисодий нуқтаи назардан мамлакат фақат битта маҳсулотга ёки битта импорт қилувчи мамлакатга боғлиқ эмас. Шунингдек, чет эл ишбилармон доиралари эътиборини жалб қилишга ёрдам берадиган юқори сифатли инсон капитали ва етарлича ривожланган инфратузилма мавжудлигини таъкидлаш лозим.

Жаҳон банкининг “«Doing Business»” рейтингида Ўзбекистон мавқеи йилдан-йилга ўсиб бормоқда ва мамлакат энг фаол ислоҳотчилар қаторига киритилган. Солиқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, Солиқ кодексининг қабул қилингани қувонарли ҳол – бу Ўзбекистон мазкур йўналишда катта ютуқларга эришганини англатади.

Республикадаги иқтисодий ўзгаришларнинг янги суръати 2016 йилгача чекланган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун кучли туртки бўлди. Шу муносабат билан йирик хорижий сармоядорлар томонидан кузатилаётган қизиқиш ортганини таъкидлаш лозим.

Шу билан бирга, шуни таъкидлаш керак, ИҲТТнинг прогнозларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида коронавируснинг тарқалиши туфайли бошланган чуқур инқироз туфайли дунёда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими 25-30 фоизга камаяди. Шу боис биз мамлакат жозибадорлиги ошириш ва чет эллик сармоядорлар учун яратилган шарт-шароитларни яхшилаш учун янада кўпроқ иш олиб боришимиз керак. Шу нуқтаи назардан, мен Ўзбекистонга ҳуқуқий башорат қилишни таъминлашга алоҳида эътибор беришни тавсия қиламан, шу жумладан айрим соҳалардаги ҳуқуқий тўсиқларни камайтириш зарур, деган фикрдаман.

Бизнесни рақамлаштириш ва электрон давлат хизматларидан фойдаланишни кенгайтириш мамлакат иқтисодий интеграциясига ва бизнесни соддалаштиришга ёрдам беради. Шунга асосланиб, ушбу соҳага катта сармоялар йўналтиришни тавсия қиламан.

Шунингдек, коронавирус келтириб чиқарган инқироз даврида Ўзбекистонда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида ўз фикрларимни билдирмоқчиман.

Биринчидан, биз инқирозга қарши изчил чоралар кўрилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда бўлганимда ҳукумат COVID-19 тарқалишининг олдини олиш учун муайян чоралар бошлаганига гувоҳ бўлгандик. Бугунги кунда ушбу чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатмоқда.

Инқирозга қарши жамғарманинг ташкил этилиши, соғлиқни сақлаш инқирозининг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш бўйича олиб борилаётган ишлар, кичик ва ўрта бизнес учун зарур шароит яратиш бўйича интилишлар – буларнинг бари мураккаб даврда давлатнинг ҳар томонлама, тизимли ва изчил фаолият кўрсатаётганидан далолат беради. Ўзбекистон маълум афзалликларга эга. Чунки Ўзбекистон кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ инқирозга дош бериш учун етарли даражадаги давлат молиявий ресурсларига эга.

Иккинчидан, Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг тармоқлари диверсификацияланган. Бу яқин келажакда иқтисодий ўсишни ва инвестицияларнинг кўпайишини оптимистик тахмин қилиш имконини беради. Амалдаги инқирозга қарши ҳукумат томонидан кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги уларни қўшни Марказий Осиёда ҳам қўллаш имконини беради.

Сўзимнинг якунида шуни таъкидлашни истардимки, биз яқин йиллар ичида ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг истиқболли эканини кўриб турибмиз. Рақобатбардошлик ва бизнес учун ҳуқуқий муҳитни яхшилаш бўйича ишларни давом эттирамиз. Инвестиция сиёсатини такомиллаштириш ишлари бизда катта қизиқиш уйғотмоқда. ИҲТТнинг "Инвестиция сиёсати шарҳи" дастури ушбу ташкилотнинг Ўзбекистон учун "эшикларини очишини" таъминлайди. Ташкилотимиз Ўзбекистонда турли йўналишларда, айниқса, ҳудудларни ривожлантириш масалаларида янада фаолроқ иштирок этишдан манфаатдормиз.

Манба