Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти Покистоннинг Евросиё аср институти билан биргаликда “Афғонистон Ислом Республикасида (ИРА) тинчлик ўрнатиш жараёнида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик” мавзусида онлайн конференция ўтказди.
Унда икки мамлакатнинг илмий марказлари раҳбарлари ва тадқиқот тузилмалари мутахассислари қатнашдилар.
Тадбирда покистонлик иштирокчилар «Дунё» мухбири билан конференция натижалари ва нуқтаи назарлари билан ўртоқлашдилар. Суҳбатда Покистон вакиллари мамлакатларимизнинг узоқ муддатли афғон можаросини тинч йўл билан ҳал этишдаги мавқеи, Афғонистонда тинчликни тиклашда Ўзбекистоннинг ўрни ҳақида гапириб беришди.
Евросиё аср институти президенти ва асосчиси Ирфан Шаҳзод Такалвининг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг тинч йўл билан ҳал этиш тамойиллари бўйича кенг миқёсдаги халқаро келишувни ишлаб чиқиш, қарама-қарши бўлган афғон кучларини музокаралар столига ўтиришга ишонтириш бўйича ҳаракатлари Афғонистоннинг узоқ кутилган тинчлик ва барқарорликка эришишида муҳим аҳамиятга эга.
— Тошкентнинг минтақавий алоқа, савдо, энергия таъминоти ва Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ташаббуслари Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тикланишига, ушбу соҳада кенг минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда, — деди Ирфан Шаҳзод Такалви. — Исломобод ва Тошкент афғон ичидаги ярашувни, шунингдек, дунё ҳамжамиятининг ушбу мамлакатда барқарор тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом этишлари керак.
Шубҳасиз Афғонистон «континентал кўприк» бўлишига ишонаман. Афғонистонга тинч ҳаёт қайтгач, бутун минтақа савдо-сотиқнинг ўсиши, одамлар эса сармояларнинг кириб келишидан фойда олади ва натижада минтақа Осиё ва умуман Евросиёнинг ўсиш «дивигателига» айланади. Бундан ташқари, Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик минтақа давлатларига қимматбаҳо ресурсларни хавфсизлик учун ҳаддан ташқари оғир харажатлардан ривожланишга ва иқтисодий тикланишга қайта тақсимлаш имкониятини англатади.
Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас қисмидир. Тошкентнинг минтақада яхши қўшничилик муҳитини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлари Афғонистондаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу Афғонистон Ислом Республикаси ўз минтақасида «биргаликда ривожланиш ва ўсиш» ва «ривожланишдан фойда олишига» ишонадиган муайян «давлатлар тизимига» айланишини англатади. Афғонистон каби узоқ давом этган можародан келиб чиққан мамлакат учун бундай муҳит гуллаб-яшнашнинг янги йўлини очиш учун жуда қулайдир. Шунингдек, биз Афғонистоннинг бошқа томонида —Жанубий Осиёда яратилган бундай муҳитни кўришни истардик.
Таъкидлаш керакки, минтақалараро ҳамкорлик учун инфратузилма муҳим аҳамиятга эга. Бугун Покистон ва Ўзбекистон Афғонистон орқали минтақалараро алоқаларни кенгайтириш учун улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Покистон, шунингдек, Гвадар ва Карачи портларидан фойдаланишни Ўзбекистон, Афғонистон ва минтақадаги бошқа мамлакатлар тадбиркорлари учун тижорий жиҳатдан жозибадор қилиш учун чоралар кўриши керак. Ва ниҳоят, энг муҳими, одамларга асрлар оша яқинлашишга ва мустаҳкамлашга имкон бериш лозим.
Можаролардан кейинги ҳамкорликка келсак, бу соҳадаги биринчи ва энг муҳим нарса, бир-бирлари ҳақида ишончли, объектив маълумотлар ва изланишларни талаб қиладиган чуқур тушунмовчиликларни йўқ қилишдир. Ушбу жараёнда таҳлил марказлари ва оммавий ахборот воситаларининг роли катта аҳамиятга эга.
«News Network International» ахборот агентлигининг муҳаррири, «Би-би-си»нинг Покистондаги мухбири, Сиёсий тадқиқотлар институтининг ҳамкори Муҳаммад Тоҳир Хон Ўзбекистон, шубҳасиз, Афғонистондаги можарони тинч йўл билан ҳал этишда муҳим роль ўйнашини таъкидлади.
—Ўзбекистон Марказий Осиёда 2018 йил март ойида Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида музокараларни таклиф қилган биринчи мамлакатдир», деди эксперт. — Ушбу ташаббус тўғридан-тўғри Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ва «Толибон» ҳам, бошқа афғон кучлари томонидан ҳам ижобий қабул қилинган. Ўзбекистоннинг тинчликпарварлик роли шубҳасиз барча томонлар томонидан қабул қилинади, чунки биринчидан, республика Афғонистоннинг бевосита қўшниси ҳисобланади, иккинчидан, Ўзбекистон Кобулдаги расмий ҳукумат ва Толибон ҳаракати сиёсий идораси вакиллари билан тенг ҳуқуқли ва яхши муносабатларни ўрнатади.
Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати вакиллари ўртасидаги музокаралар учун платформа яратиш тўғрисидаги таклифи ҳам кенг қўллаб-қувватланди. Шундан сўнг, толиблар сиёсий идораси раҳбари Мулла Абдул Ғани Барадар Ўзбекистонга ташриф буюрди, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Қатарда «Толибон» ҳаракати вакиллари билан учрашди. Шубҳасиз, бундай ўзаро таъсир тинчлик жараёнига ёрдам беради ва мен Афғонистон ҳукуматидан ҳам, Толибондан ҳам Ўзбекистоннинг ташаббуслари юзасидан бирон бир танқид эшитмадим.
Ишончим комилки, ҳамкорликни ривожлантириш ва Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида, биринчи навбатда минтақа мамлакатлари орасида муросага эришиш керак. Чунки айнан шу минтақада афғон можароси юз бермоқда. Минтақа мамлакатлари ва Афғонистонга қўшни давлатлар Афғонистондаги узоқ давом этган урушлардан жуда кўп азият чекдилар. Можаро минтақага салбий таъсир кўрсатмоқда ва уни тугатиш керак. Минтақадаги мамлакатларнинг ҳар бирининг Афғонистонда ўз манфаатлари бор, уларни қўшни мамлакатда тинчликка эришиш учун бирлаштириш керак. Менимча, Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ҳам буни тушунишади.
Афсуски, илгари Афғонистонда тинчликка эришиш учун Жанубий ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида самарали ҳамкорлик бўлмаган.
Нима учун «Толибон»нинг сиёсий идораси минтақадан жуда узоқ, Қатарда жойлашган? Бу минтақада жойлашган баъзи офисларнинг жойлашиши шунчалик қийинми? Ишончим комилки, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига қаратилган барча ҳаракатлар ушбу минтақадан бошланиши керак. Агар Афғонистонда тинчлик бўлса, бу минтақа учун фойдали бўлади, минтақадаги барча давлатлар учун ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан фойдали бўлади.
Хорижий ҳарбий контингент Афғонистондан тўлиқ олиб чиқилгандан сўнг, мамлакат иқтисодий тикланиш эҳтиёжига дуч келади. Шу муносабат билан, Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон билан бевосита чегарадош бошқа давлатлар ушбу мамлакатни тиклашда муҳим роль ўйнайди, чунки умумий чегарадан ташқари бизда умумий тарих, дин, маданият, тил ўхшашлиги ва бошқа жиҳатлар мавжуд. Дунёнинг этакчи мамлакатлари, шунингдек, Афғонистонни иқтисодий тикланишида қўшни давлатларнинг устуворликлари ва муҳим ролига устувор аҳамият беришлари керак, деб ўйлайман.
Америка Қўшма Штатларининг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзаднинг яқинда Ўзбекистонга ташрифи чоғида инвестиция масалалари, иқтисодий ривожланиш лойиҳалари бўйича Американинг юқори мартабали мулозими ҳамроҳлигида Ўзбекистон-Америка музокаралари минтақада, шу жумладан Ўзбекистон ва Афғонистонда иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, сармояларни жалб қилиш ва таълимни ривожлантириш масалаларига қаратилди.
Афғонистондан хорижий ҳарбий контингент чиқиб кетган тақдирда, Покистон ва Ўзбекистон Афғонистонни қайта тиклаш жараёнида муҳим ва марказий роль ўйнайди, бу эса биргаликда ишлаш учун яхши имкониятдир. Шу мақсадда Ўзбекистон ва Покистон қўшма корхоналар ва Афғонистонни иқтисодий қайта тиклаш дастурларини яратиши керак.
Рана Муҳаммад Атҳар Жавед, «Покистон уйи» таҳлил марказининг асосчиси ва бош директори, Ўзбекистон Афғонистонни инфратузилмаси ва ижтимоий-иқтисодий тикланишида бевосита ва фаол иштирок этади, деб ҳисоблайди. Халқаро экспертлар ҳамжамияти Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистонда тинчлик жараёнини ривожлантириш борасидаги доимий ва изчил амалий ҳаракатларини юқори баҳолайди.
—Қўшни мамлакатдаги вазиятнинг мураккаблигига, кўп қиррали манфаатларга қарамай, халқаро ҳамжамият ҳозирги шароитдан чиқишнинг ягона йўли ва зўравонликка барҳам беришнинг муҳим шарти сифатида ижобий афғонлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаши керак,— дейди эксперт. — Бу жараёнда асосий талаб — бу жараённинг узлуксизлигидир.
Шу муносабат билан, покистонлик таҳлилчи амалиётчилар ва тадқиқот ва эксперт-таҳлил тузилмалари вакилларининг Афғонистонда ҳам, ундан ташқарида ҳам ўзаро алоқаларини қўллаб-қувватлашни таклиф қилди. Бу Афғонистондаги муаммоларни институционал таҳлил қилишга, можаронинг моҳиятини тўлиқ англашга, Афғонистон тинчлик жараёни учун аниқ таклифларни ишлаб чиқишга ёрдам беради, деди у.