Яқин ўзаро ҳамкорлик хавф-хатар ва таҳдидларга қарши муваффақиятли курашиш имконини беради, дея таъкидлади Ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича МДҲ халқаро экспертлар форумида иштирок этган МДҲ Ижроия қўмитаси раиси - Ижрочи котиби Сергей Лебедев.
Унинг фикр билдиришича, форум МДҲ мамлакатлари олимлари ва мутахассисларига ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, илғор тажриба алмашиш, тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш ва глобал "рақамлаштириш" даврида жамиятнинг заиф томонларидаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш йўлида яна бир қадам ташлаш имкониятини беради.
Сергей Лебедевнинг қайд этишича, бузғунчи кучлар ахборот технологияларининг тарқалиш кўламини ҳисобга олган ҳолда улардан мустақил давлатларнинг ички ишларига аралашиш, адоват ва зўравонликни қўзғаш учун тобора кўпроқ фойдаланмоқда.
МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг сўзларига кўра, замонавий шароитда ахборот маконини ҳимоя қилиш амалда миллий хавфсизликни таъминлаш вазифалари билан ҳамоҳангдир, шунинг учун бу соҳадаги давлатлараро муносабатларни тартибга солиш ва унификация қилиш Ҳамдўстлик органлари фаолиятининг устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. МДҲ тармоқ идоралари ҳамкорлиги замонавий талабларга жавоб берадиган шериклик шаклларини қўллаш асносида юқорида санаб ўтилган ҳужжатларни амалий татбиқ этиш соҳасини мунтазам равишда кенгайтирмоқда.
Форум Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва МДҲ Ижроия қўмитаси кўмагида ўтказилди. Унда Марказий Осиё, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Россия ва Молдова сингари мамлакатларнинг 60 нафардан ортиқ вакили, халқаро ташкилотлар ва етакчи таҳлил марказлари мутахассислари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.