Ушбу қонун бундан 30 йил олдин – 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.
Миллий байроғимиз мустақил давлатчилигимиз рамзи, халқимизнинг орзу-умидлари, ғурури белгиси сифатида ҳар бир кишида фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. Байроғимиз миллий-тарихий анъаналаримиз, узоқ ўтмишга бориб тақаладиган бой маданиятимиз, поклик, донишмандлик, мардлик, шон-шуҳрат ва садоқат каби халқимизга хос эзгу фазилатларни ифода этади.
Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи», 3-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли» эканлиги белгилаб қўйилган.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда фуқароларда давлатимизнинг ушбу рамзига нисбатан ҳурматни ошириш ва фахр-ифтихор туйғусини мустаҳкамлаш мақсадида марказий майдонларга улкан байроқлар (флагшток) ўрнатилди. Жумладан, Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонига 65 метр баландликдаги, Наврўз майдонига 57 метрлик баландликдаги улкан байроқ ўрнатилди. Ушбу ташаббус мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилди.
Қайд этиш керакки, миллий байроғимиз билан фахрланиш билан бир қаторда унга нисбатан масъулият билан ёндашиш ҳам талаб этилади. Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги қонунининг 13-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шарт» деб белгиланган.
Ушбу байрам билан барча юртдошларимизни табриклаймиз!