Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозимида фаолият кўрсатувчи Д.Робинсон бошчилигидаги АҚШ элчихонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат чоғида афғон муаммосини ҳал этиш, терроризм ва экстремизм таҳдидларини бартараф этиш ва иккитомонлама ҳамкорликнинг истиқболлари, шунингдек «Ҳаракатлар стратегияси» доирасида Ўзбекистонда қўлга киритилган натижалар бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Американинг дипломатик корпус вакиллари олиб борилаётган ички ислоҳотларни, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг очиқ ташқи сиёсатини ижобий баҳолашди. Уларнинг фикрича, расмий Тошкент томонидан очиқ ташқи сиёсат олиб борилаётган бир даврда, америка томонидан иккитомонлама муносабатларга янгича руҳ берилиши долзарб масала бўлиб турибди.
Учрашув чоғида афғон муаммосини ҳал этишда Ўзбекистон кўрсатаётган жонбозликлар АҚШ томонидан юқори баҳоланиши қайд этилди. Тошкентнинг минтақавий иқтисодий ва транспорт лойиҳаларига Афғонистонни киритиш бўйича киритаётган ташшаббуслари афғон муаммосини ҳал этишда ижобий таъсир кўрсатади. Афғонистонни тиклаш йўлидаги кейинги муҳим қадам Термиз шаҳрида афғон студентлари учун таълим марказининг очилиши бўлди.
Учрашув якунида, иккала томон ҳам ўзаро манфаатларни кўзда тутувчи масалалар бўйича мунтазам фикр алмашишга тайёр эканликларини билдиришди.