Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Шанхай ижтимоий фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Хитойнинг етакчи тадқиқот марказлари экспертлари, хорижий дипломатик муассасалар раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар иштирок этди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори В.Норов, Шанхай ижтимоий фанлар академияси партия қўмитаси котиби Юй Синхуэ ва бошқалар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.
Бу ташаббус илк бор 2013 йилда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган эди. Бундан асосий мақсад қадимий Ипак йўли руҳиятини қайта тиклаш асносида минтақавий иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларнинг транспорт инфратузилмасини бирлаштириш, маданий алоқаларни, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдир.
Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл” лойиҳасини, транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юқори технологиялар соҳаларидаги ташаббусларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайди. Ҳамкорлик доирасида Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очиш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этмоқда.
2016 йили очилган Ангрен – Поп темир йўли минтақалараро транспорт йўлагининг муҳим қисми ҳисобланади. Ўзбекистон бу борадаги ишларни изчил давом эттирмоқда. Жумладан, Тожикистон билан тўғридан-тўғри авиа, темир йўл ва автомобиль қатнови тикланиб, Амударёдан ўтадиган Туркманобод – Фороб янги темир йўл ва автомобиль кўприклари ишга туширилди. Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилиши бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом эттириш кўзда тутилган.
Тадбир давомида иштирокчилар Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги доирасида транспорт-коммуникация, савдо, иқтисодиёт, сайёҳлик, илмий-маърифий соҳалардаги устувор вазифалар ва истиқболли масалалар юзасидан фикр алмашди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил май ойида Пекинда бўлиб ўтган “Бир макон, бир йўл” халқаро форумида илгари сурган минтақавий ҳамкорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини амалга ошириш ишлари муҳокама қилинди.
– Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги стратегик шериклик “Бир макон, бир йўл” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш учун қулай шароит яратмоқда, – деди Шанхай халқаро тадқиқотлар академиясининг Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлар маркази эксперти Чжао Лонг. – “Бир макон, бир йўл” ташаббуси қадимда Шарқни Ғарб билан маданий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан боғлаган Буюк ипак йўлининг қайта тикланишини кўзда тутади. Мазкур лойиҳа иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо ва инвестиция соҳаларида қулайликлар яратиш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият соҳаларида ҳамкорлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Конференцияда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, хусусан, халқларимиз манфаатига мос келадиган “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида эришилган келишувларни изчил рўёбга чиқаришдаги вазифалар ҳақида сўз юритилди.
– “Бир макон, бир йўл” Марказий Осиё, Европа ва Африка минтақасида жойлашган 60 дан ортиқ мамлакат ўртасида янги транспорт ва савдо йўлларини яратишга қаратилган, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Б.Сотиболдиев. – Ушбу давлатлар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 55, глобал энергия захираларининг 75 фоизини ўзида жамлагани лойиҳанинг дунё ҳамжамиятини ягона ривожланиш ва мақсадлар сари бирлаштиришдаги аҳамиятини янада оширади.
“Бир макон, бир йўл” лойиҳасининг ривожланган давлатлар имкониятларидан унумли фойдаланиш, иқтисодий тараққиёт босқичида бўлган мамлакатларга ёрдам бериш тамойилига асосланиши уни халқаро ҳамкорликнинг янги модели сифатида кўриш имконини бермоқда.
- Буюк ипак йўли нафақат ҳудудлар ўртасида савдо алоқалари, балки маданий қадриятлар ривожланишида ҳам муҳим восита бўлган, – деди Чу Хай олий ўқув юртининг “Бир макон, бир йўл” тадқиқот институти директори Томас Чан. – Лойиҳа доирасида Ўзбекистон билан таълим, туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз. Бугунги конференцияда бу борадаги таклифларни ишлаб чиқиш истиқболларини белгилаб олишга эришдик.
Конференция савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, ижтимоий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш, “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Анжуман ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Р.Қосимов сўзга чиқди.
Улуғбек Шоназаров, ЎзА