Бугун Халқаро пресс-клуб доирасида БМТ Бош Ассамблеясининг “МАРКАЗИЙ ОСИЁ МИНТАҚАСИДА ТИНЧЛИК, БАРҚАРОРЛИК ВА ИЗЧИЛ ТАРАҚҚИЁТНИ ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА МИНТАҚАВИЙ ВА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ” резолюцияси муҳокама қилинди

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ директори В.Норов, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари С. Сафаев, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари А.Абдувахитов иштирок этишди.

Қуйида СМТИ директори В.Норов сўзлаган нутқлари ва берилган саволларга жавоблари билан танишишингиз мумкин:

Ассалому алайкум ҳурматли иштирокчилар, телетомошабинлар!
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюция “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” ҳеч шубҳасиз, нафақат минтақамиз учун, балки кенг халқаро миқёсда ҳам улкан тарихий аҳамиятга эга. Ушбу ҳужжат минтақа келажаги, ҳозирда бу ҳудудда яшаётган халқлар учун ҳам ва албатта, кейинги авлод учун ҳам барқарор ривожланиш учун кенг ва энг қулай имкониятларни яратади.

Резолюциянинг қабул қилиниши, хусусан, унга Европа, Америка, Осиё ва Африка минтақасининг 55 та давлатлари ҳаммуаллифлик қилиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Марказий Осиёдаги янги минтақавий сиёсати жахон ҳамжамияти томонидан тан олингани ва мамлакатимизниинг халқаро саҳнадаги нуфузи ошганлигини билдиради. Бунга бир неча асослар бор. Жумладан, ўзининг геосиёсий ва геостратегик аҳамиятига кўра, бугун Марказий Осиё минтақаси жаҳон ҳамжамияти диққат эътибори марказида қолмоқда.

Бу қуйидаги омиллар билан белгиланади:

биринчидан, Евроосиёнинг “юраги”да ва муҳим транспорт тармоқлари чоррахасида жойлашган минтақамиз Европа ва Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаради;

иккинчидан, минтақамиз табиий ресурсларга бой, бу ерда кўплаб мамлакатлар ва бутун минтақалар ривожига сезиларли даражада таъсир кўрсатган ноёб маданият ва тараққиёт салоҳияти мавжуд;

учинчидан, Марказий Осиё Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Покистон каби ядро қуролига эга давлатлар билан чегарадош ягона ҳудуд;

тўртинчидан, минтақанинг Афғонистон билан чегарадошлиги.

Шу нуқтаи назардан минтақада давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш – бу нафақат Марказий Осиё, балки қўшни минтақаларнинг фаровонлиги ва барқарор ривожланишининг кафолатидир.

Агарда биз Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорлиги ривожланиши тарихига назар солсак, барча ташаббуслар олдинги йилларда ташқаридан, яъни Марказий Осиё давлатларининг стратегик ҳамкорлари томонидан илгари сурилганини кўришимиз мумкин.

Булар қаторида АҚШ ташаббуси – C5+1, Япония, Жанубий Корея, Европа иттифоқи ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари даражасидаги мунтазам равишда учрашувлар ва бошқалар.

Аммо ўтган даврда бундай ташаббусларнинг амалий натижаси кўзланган мақсадларга кўпинча эриша олмади. Чунки Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги йиллар давомида ечилмаган муаммолар минтақада ўзаро тушуниш ва ҳамкорликнинг ривожланишига тўсқинлик қилар эди. Ўзбекистон Президентининг минтақа бўйича янги сиёсати бу ерда мавжуд ва йиғилиб қолган муаммоларни ечишда ўз вақтида ва самарали жавоб бўлди. Бунда минтақавий яқинлик, ишонч ва ўзаро тушуниш, муаммоли масалаларни оқилона муроса ва келишувлар асосида ҳал этиш муҳим рол ўйнамоқда.

Қолаверса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги янги ташқи сиёсати туфайли минтақада ўзаро ишонч даражаси сезиларли ошди ва янги сиёсий муҳит шаклланди.

Конструктив ҳамкорлик ўрнатиш ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш учун бақувват замин яратди.

Ҳозирда Марказий Осиёнинг барча давлатлари минтақа ривожи учун фаол ва яратувчан ёндашувларга тайёрлигини билдирмоқда. Минтақа давлатлари Марказий Осиёнинг бугуни ва келажаги учун масъулиятни елкама-елка туриб зиммасига ола биладиган, халқаро муносабатлар тизимининг мустақил субъектлари сифатидаги ўз ўрнини кучайтирди.

Юқоридагиларни инобатга олган холда шуни айтиш мумкинки, ўз моҳиятига кўра, резолюция Марказий Осиё мамлакатларининг ҳам умумминтақа муаммоларига, ҳам глобаллашув таҳдидларига бир ёқадан бош чиқариб берган жавоби бўлди. Унда Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик ва ривожланиш соҳаларидаги йирик минтақавий ва халқаро ташаббусларини инобатга олинганини кўришимиз мумкин.

Хусусан, экологик муаммолар ва сувдан фойдаланиш, транспорт коммуникацияси, терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш, Афғонистонда тинчликка эришиш муаммоларини ўз ичига олган.

Мазкур резолюциянинг қабул қилиниши шубҳасиз, Марказий Осиёнинг ягона минтақа сифатида ривожланишида муҳим босқичдир.

Бугун бутун дунёда аксилглобаллашув жараёнлар давом этаётган бир вақтда, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш мақсадида минтақавий ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланмоқда.

Президентимиз Остона шаҳрида алоҳида айтиб ўтганларидек “Бу борада эришилган марраларда тўхтаб қолмаслик”, аксинча ҳамкорликда олдинга ҳаракат қилиш муҳимдир.

Бизнинг фикримизча, Марказий Осиё, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш соҳасида аниқ мақсад ва вазифаларни, шунингдек уларга эришиш йўлларини ўз ичига олган умумий стратегик аҳамиятга эга Консепсия ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Ушбу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ташаббуси ва БМТнинг Марказий Осиё бўйича превентив дипломатия маркази кўмагида жорий йилнинг 29-30 октябрида Марказий Осиё давлатларининг етакчи тадқиқот марказлари биринчи Форумини ўтказиш режалаштирилган. Форумнинг асосий мақсади ва вазифаси ҳар йил ўтадиган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашувларида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ ва амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат. Шуни айтиб ўтиш лозимки, БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган резолюцияда алоҳида эътибор Марказий Осиё давлатларининг Афғонистондаги тинчлик музокаралари ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича биргаликда ҳаракат қилишига қаратилган. Зеро, Марказий Осиёнинг барқарор ва изчил тараққиётини таъминлаш қўшни Афғонистонда тинчликка эришиш билан узвий боғлиқ.

Президентимиз афғон муаммосига таҳдид сифатида эмас, балки минтақавий ҳамкорликни янги бир босқичга олиб чиқиш имконини берувчи стратегик имконият сифатида қараш кераклигини халқаро ташкилотларнинг юқори минбарларидан бир неча бор таъкидлади.

Бу муаммони ҳал этишда тинч музокаралар ўтказишдан бошқа муқобил йўл йўқ эканини эътиборга олиб, Ўзбекистон ва Афғонистон ташаббуси билан жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкентда Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция ўтказилди.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюцияда ушбу конференцияга алоҳида эътибор берилган. Буюк Британиянинг “Реутерс” ахборот агентлиги мухбирларнинг фикрича, Ўзбекистон ўз ҳудудини афғон ҳукумати ҳамда “Толибон” ҳаракати ўртасида музокараларни ўтказиш учун майдон сифатида таклиф қилиш билан чекланиб қолмай, толиблар билан ҳам алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлди. Бу ниҳоятда катта ютуқ ҳисобланиб, томонлар айнан ўзбек дипломатиясига ишонч билдирганидан далолат беради.

Ҳиндистоннинг “The Eurasian Times” таҳлилий журналининг навбатдаги сонида махсус мақола чоп этилган бўлиб, унда “Шу пайтгача афғон муаммосини ҳал қилиш учун кўплаб саъй-ҳаракатлар амалга оширилган бўлса-да, қуролли можаро субъектларининг барчасини қониқтирадиган “воситачи” давлат йўқ эди. “Аммо Ўзбекистон мана шундай “оптимал ҳамда холис воситачи” ролини ўйнамоқда”, дейди ҳиндистонлик таҳлилчилар.

Америка Қўшма Штатларининг “US NEWS” ахборот агентлиги ушбу мавзуда чоп этган мақолада “Ўзбекистон - Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ташқи дунёга очилиш ва халқаро ҳамжамият билан алоқаларни мутлақо янги тусда қуришга интилмоқда”. Мазкур “янгича руҳ” расмий Тошкентнинг Афғонистонга нисбатан сиёсатида ҳам намоён бўлмоқда - дейилади.

Бу эса Президентимизнинг Афғонистонга нисбатан олиб бораётган очиқ, холисона ва юқори маъсулиятли сиёсатлари натижасидир.