СМТИ директори: Ўзбекистон – Италия халқлари ўртасидаги муносабат кўп асрлик тарихга эга

Рим шаҳрида мамлакатимизнинг етакчи тадқиқот, таҳлилий марказлари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ва Италиянинг Осиё ва Aфрика Ўрта Ер денгизи институти (ISMAA) ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Италия томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, етакчи компаниялар, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, шунингдек, ISMAA экспертлари иштирок этди.

Мутахассислар вакиллик таркиби Ўзбекистон – Италия муносабатини чуқурлаштириш, Марказий Осиёдаги ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболи, шунингдек, Брюссель ва Римнинг минтақа барқарор ривожланишини таъминлашдаги роли каби муҳим, долзарб масалаларни атрофлича муҳокама қилиш имконини берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Aрипов таъкидлаганидек, халқларимиз ўртасидаги муносабат кўп асрлик дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий хусусиятга эга. Бугунги кунда ҳам ушбу ҳамкорлик янги мазмун билан бойитилиб, вазирлик, идоралар, ҳудудлар даражасида, ишбилармон доиралар ўртасида изчил кенгайтирилмоқда.

СМТИ директори минтақавий шериклик ҳақида гапирар экан, Марказий Осиё тобора мустаҳкамланиб, ички ва ташқи таҳдидга чидамли бўлиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Э.Aрипов Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи муносабатининг амалдаги ҳолатига баҳо бераркан, икки минтақа ўртасидаги кўп томонлама мулоқот сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганига урғу берди.

Бугунги кунда ЕИ минтақамизнинг асосий савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири ҳисобланади. Марказий Осиё умумий ташқи савдосининг учдан бир қисмидан кўпроғи, шунингдек жалб қилинган инвестициянинг 40 фоиздан ортиғи Европа Иттифоқи ҳиссасига тўғри келади.

Ўз навбатида, Италия томони сўнгги йилларда Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиёда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга Рим алоҳида қизиқиш билдираётганини тасдиқлади.

Италиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Р.Манар таъкидлаганидек, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бутун минтақага сезиларли ижобий таъсир кўрсатмоқда. “Барқарорлик ва аниқлик” Ўзбекистон шарофати билан бутун Марказий Осиёнинг ўзига хос белгисига айланмоқда. Италия бу жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва минтақа барқарор ривожланиши учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр.

Учрашув якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Осиё ва Aфрика Ўрта Ер денгизи институти ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ҳужжат доирасида қўшма илмий лойиҳалар амалга ошириш, тадбирлар натижасини нашр этиш, икки томонлама муносабат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалаларига бағишланган анжуман, давра суҳбатлари ўтказиш режалаштирилган.

2017 йил ташкил этилган нотижорат таҳлил маркази – Осиё ва Aфрика Ўрта Ер денгизи институти Италия, Осиё ва Aфрика мамлакатлари мулоқотини ривожлантириш, иқтисодиёт ва маданият, фан ва тадқиқот соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида фаолият юритади.

Манба