Жумладан, Халқаро Вивекананда жамғармаси, Миллий хавфсизлик ва мудофаа тадқиқотлари қўшма институти, Мудофаа тадқиқоти ва таҳлил институти (IDSA), Ҳиндистон халқаро ишлар кенгаши раҳбарияти, шунингдек, “Delhi Policy Group” экспертлари билан музокара ўтказилди.
Мулоқот чоғида ҳиндистонлик экспертларга Ўзбекистонда юз бераётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берилди, конституциявий ислоҳотнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти хусусида маълумот берилди. Мамлакатимизнинг глобал ва минтақавий муаммоларга нисбатан қараши баён этилди.
Икки томонлама муносабатни ривожлантириш истиқболига алоҳида эътибор қаратилди. Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиш босқичига чиқиб, серқирра ва узоқ муддатли хусусият касб этгани таъкидланди.
Ҳиндистоннинг етакчи таҳлилий марказлари вакиллари Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Бу янгиликлар, яъни иқтисодиёт либераллашиши, қулай сармоявий муҳит вужудга келиши ҳинд бизнесининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтириш учун кенг имконият очгани таъкидланди.
Савдо ва бошқа алоқалар чуқурлашиб бораётгани, юксалиш йўлида ривожланаётгани бунинг далилидир. 2022 йил 11 ойи давомида ўзаро товар айирбошлаш миқдори 44 фоиз ўсиб, 627 миллион долларга етди. 2021 йил ушбу рақам 491 миллион доллар эди. Томонлар яқин йилларда бу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. 2017 йилдан буён қўшма корхоналар сони 5 баробар ошиб, 372 тага етди.
Ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, туризм каби соҳаларда умумий қиймати 200 миллион доллардан зиёд қўшма инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, суҳбат чоғида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг Ҳиндистондаги илмий, академик ва таҳлил марказлари билан муносабатини чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича янги ғоя, таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида экспертлар ўзаро ҳамкорлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Маълумот учун: “Raisina Dialogue-2023” конференцияси жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабат соҳасидаги етакчи тадқиқот маркази “Observer Research Foundation” томонидан Ҳиндистон ҳукумати ва Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилади.
2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур тадбир қисқа вақт ичида сиёсий, дипломатик, илмий доиралар, эксперт ҳамжамияти вакиллари ўртасида фикр алмашиш учун дунёдаги етакчи мулоқот майдонларидан бири сифатида намоён бўлди.
Бу йил форумда Франция, Канада, Швеция, Туркия, Бразилия, Мексика, Россия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Индонезия, Миср сингари 20 дан зиёд давлатдан ташқи ишлар вазирлари ва бошқа юқори лавозимли шахслар, 100 дан ортиқ давлатдан сиёсий бошқарув ва таҳлилий доира вакиллари иштирок этмоқда. Анжуманнинг очилиш маросимида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди нутқ сўзлади.