Жорий йил 26 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Тараққиёт стратегияси маркази ва Марказий Осиё халқаро институти вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси Германияда парламент сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш амалиёти, шунингдек, Берлиндаги сайлов участкалари фаолияти билан танишиб, бир қатор сайлов комиссиялари аъзолари билан учрашувлар ўтказди.
Мазкур ташриф Конрад Аденауэр жамғармаси ва Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, шу йил 26 сентябрда Германияда муҳим сиёсий воқеа – навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайлов 16 йил ичида биринчи марта ГФРнинг амалдаги канцлери иштирокисиз ўтказилди. Маълумки, 2018 йилда 4 маротаба канцлер сифатида фаолият кўрсатган Ангела Меркел мамлакатнинг энг йирик сиёсий кучи – Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) раиси лавозимидан истеъфога чиққан ва сиёсатдан кетишини эълон қилган эди.
Германияда сайловлар билвосита сайлов ҳуқуқига асосланган. Ушбу мамлакат Конституциясига мувофиқ, сайловларда ғолиб бўлган партия ҳукумат тузиш ҳуқуқига эга ва партияга кўрсатган номзод, Вазирлар маҳкамасини муваффақиятли тузган тақдирда, федерал канцлер лавозимини эгаллайди.
Айтиб ўтиш жоизки, канцлер лавозими учун энг машҳур сиёсий партиялардан уч номзод курашяпти: Христиан демократик иттифоқи/Христиан социал иттифоқи (ХДИ/ХСИ) блокидан – ХДИ раиси Армин Ланшет; Германия социал-демократик партиясидан – вице-канцлер вазифасини бажарувчи, Германия молия вазири Олаф Шолс; «Union90/Green» дан – партия ҳамраиси Анналена Бербок.
Германиянинг 83 миллиондан ортиқ аҳолисидан 18 ёшдан ошган 61 миллионга яқин фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. Шундан 31,2 миллиони аёллар (51,7%) ва 29,2 миллиони эркакларни (48,3%) ташкил этади. Германия Федератив Республикаси ҳудуди 299 та округга бўлинган. Бутун мамлакат бўйлаб маҳаллий вақт бўйича соат 08.00 дан 18.00 гача очиқ бўлган 60 мингга яқин сайлов участкалари ташкил этилган.
Участка комиссияси аъзолари, шунингдек, пойтахт сайлов бошқармаси вакиллари билан суҳбат чоғида сайлов комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этиш, фуқароларнинг хоҳиш-иродасини эркин ифода этишлари учун қулай шароит яратиш бўйича тажриба алмашилди.
Германиялик ҳамкорларга яқинлашиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари тўғрисида, 2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг асосий қоидалари, шунингдек, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш амалиёти билан танишиш тўғрисида маълумотлар берилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари, шунингдек, Германия томонига сайлов қонунчилигидаги янгиликлар, округ ва участка сайлов комиссиялари ишини ташкил этиш амалиётини такомиллаштириш, уларни тузиш тамойиллари, фаолиятнинг очиқ, объектив характерини таъминлаш борасида атрофлича тушунтириш берди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Германия сайлов қонунчилигини қиёслаб кўрилганда, айрим жараёнлар ўхшашлиги намоён бўлди. Булар қаторида муддатидан олдин овоз бериш имконияти, ногиронларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш кабиларни келтириш мумкин. Шу билан бирга, германиялик экспертлар Ўзбекистон сайлов қонунчилигида чет элда овоз бериш имкониятлари ва гендер тенглигини таъминлашнинг қонуний мустаҳкамланиши каби янгиликларни юқори баҳолади.
Германиялик ҳамкасблар, шунингдек, халқаро кузатувчиларнинг Ўзбекистондаги сайловларда қонуний равишда иштирок этиш тартибига катта қизиқиш билдирди. Айтиб ўтиш лозимки, Германияда халқаро кузатувчиларнинг иштироки ва уларнинг ваколатларини қонуний тартибга солиш механизми мавжуд эмас.
Ўзбекистонлик экспертлар ташрифи дастуридан Федерал Президент ва Федерал Канцлер бўлимларида, Ташқи ишлар вазирлигида, Германия Бундестагида, Бранденбург федерал штатининг Ландтагида (парламентида) икки томонлама учрашувлар ва музокаралар, шу билан бирга Германиянинг етакчи таҳлил марказлари, жамғармалари ва ихтисослашган ташкилотлари билан (SWP, DGAP, ZOIS, KAS, FES, ВКНE) давра суҳбатлари ўтказиш ҳам ўрин олган.