СМТИ директори: Ўзбекистон Президентининг “Марказий Осиё – ягона ўтмиш, умумий келажак” шиорига амал қилиш муҳим

Марказий Осиё медиа-форумида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Aрипов минтақавий ўзига хосликнинг аҳамияти ҳақида гапирди. Маърузачи Марказий Осиёдаги ҳар бир инсонни ўзини нафақат ўз мамлакатининг бир қисми, балки умумий минтақа – Марказий Осиё минтақасининг бир қисми сифатида ҳис этишга чақирди.

– Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Марказий Осиё медиа-форумини ўтказиш ташаббуси жуда муҳим ва долзарбдир. Умид қиламанки, бу тадбир бир марталик эмас, балки доимий бўлади ва биз Марказий Осиё оиласи сифатида мунтазам учрашиб, минтақамизни ўйлантираётган энг долзарб масалаларни муҳокама қила оламиз. Бизнинг энг муҳим вазифаларимиздан бири Марказий Осиёда минтақавий ўзига хосликнинг фундаментал асосларини шакллантиришдир. Биринчи навбатда, медиа соҳасида кучларни бирлаштирмай туриб, буни ҳал эта олмаймиз, – деди форумда СМТИ директори.

Элдор Арипов умумий маданий қадриятлар ва анъаналарга асосланган ҳамкорликни кенгайтириш янада самарали эканини таъкидлади.

–Марказий Осиё ҳақида кам маълумотга эга, лекин жамият тараққиётининг объектив қонуниятларини жуда яхши тушунадиган бир қатор европалик олимлар томонидан олиб борилган жуда қизиқарли тадқиқотлар мавжуд. Улар эмпирик тадқиқотлар олиб бордилар ва умумий маданий қадриятлар ва анъаналарга эга бўлган мамлакатлар шерикчилик ва савдо соҳаси, иқтисодий алоқалар, инвестицияларда анча самаралироқ ўзаро ҳамкорлик қилади деган хулосага келишди. Нима учун бу содир бўлмоқда? Фақат битта сабаб бор – ишонч омили. Ишонч омили жуда муҳим. Биз биринчи навбатда кимга ишонамиз? Аввало, биз жуда яхши биладиган ва тушунадиганларга. Шунинг учун минтақавий ўзига хослик жуда муҳимдир. Марказий Осиёда ҳар биримиз ўз мамлакатимизнинг бир қисми эмас, балки умумий минтақа – Марказий Осиё минтақасининг бир қисми эканлигимизни ҳис эта бошлашимиз муҳим, – деди спикер.

СМТИ вакили Ўзбекистон Президенти ушбу ёндашув учун қизиқарли формула таклиф қилганини алоҳида таъкидлади.

–У “Марказий Осиё – ягона ўтмиш, умумий келажак” шиорини таклиф қилди. Бизда чиндан ҳам кучли маданий мерос ва тарихимиз бор. Бироқ, бизнинг келажагимиз ҳам чамбарчас боғлиқ. Бизнинг келажагимиз умумий таҳдидлар ва муаммолар олдида бирлашиш қобилиятига боғлиқ бўлади. Уларнинг аксариятини ёлғиз ҳал қила олмайсиз, – деди у.

Маълумот учун: жорий йилнинг 20-21 декабрь кунлари Остона шаҳрида Марказий Осиё медиа-форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, халқаро ташкилотлардан 300 дан ортиқ сиёсатчи, давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бизнес вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этмоқда.

Олий даражадаги иштирокчилар орасида Қозоғистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси Ерлан Карин, Қирғизистон Республикаси Давлат котиби Суйунбек Касмамбетов, Туркиянинг собиқ президенти Абдулла Гул, ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаши Бош котиби Қайрат Сарибай қатнашмоқда.

Икки кун давомида экспертлар ахборот хавфсизлиги соҳасида минтақавий ва глобал ҳамкорлик, Марказий Осиёда янги медиа имкониятларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади.

Манба