СМТИда Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Гюнтер Оверфельд билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Германия дипломатик миссиясининг раҳбари охирги икки йил давомида Тошкент ва Берлин алоқалари сезиларли даражада фаоллашганини мамнуният билан қайд этди.
Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2018 йил якуни бўйича 2017 йилга нисбатан 24,5 фоизга ўсиб, 700 миллион еврони ташкил этгани алоҳида таъкидланди. Яқин вақт ичида ушбу кўрсатгич 1 миллиард еврони ташкил этишига Берлиннинг ишончи комил.
Г.Оверфельднинг сўзларига кўра, бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Германия Федератив Республикасининг ҳукумат ва ишбилармон доиралари Ўзбекистондаги бугун амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бормоқда.
Шу билан бирга жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Германияга амалга оширган расмий ташрифи Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигининг асосий йўналишларини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этди.
Дипломатнинг айтишича, Берлинда Германия Федератив Республикаси Президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг Ўзбекистонга амалга оширадиган ташрифига муҳим аҳамият қаратган.
Музокараларга Берлинда бошланган юқори даражадаги конструктив ва ўзаро ишончга асосланган мулоқотнинг давоми сифатида қаралмоқда ва бу икки давлат алоқаларининг янада чуқурлашишига хизмат қилади.