СМТИда Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Гюнтер Оверфелд билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилишди.
Учрашувда Г.Оверфелд Германия Федератив Республикаси Марказий Осиё билан яқин шериклик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор беришини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Берлин учун ижобий ички ва минтақавий динамика кузатилаётган ва тобора муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган минтақа билан ҳамкорлик жуда муҳим ҳисобланади.
Шу билан бирга, элчи Германия Европа Иттифоқининг Марказий Осиёда ўзаро боғлиқликни ошириш бўйича қабул қилинган стратегияси доирасида Ўзбекистон билан савдо, энергетика, транспорт, ахборот технологияларини ривожлантириш соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ниятида эканлигини таъкидлади
Шунингдек, Г.Оверфелд Ўзбекистоннинг минтақада дўстлик ва ўзаро ишонч муҳитини яратишга қаратилган сиёсатини юқори баҳолади. Дипломатнинг сўзларига кўра, Ш.Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиёда «ўзгаришлар бошланди». Хусусан, Ўзбекистон ҳукуматининг қўшни давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича илгари сураётган сиёсати Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги турли муаммоларни «муаммосиз» ҳал этиш учун шароит яратмоқда.
Суҳбат чоғида томонлар Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан ҳам фикр алмашишди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг Қобулни минтақадаги иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларига фаол жалб қилиш сиёсати алоҳида таъкидланди. Бу эса, томонларнинг фикрича, ушбу мамлакатда инқирозни тезроқ ҳал қилишга ёрдам беради.
Учрашув якунида томонлар амалдаги ҳамкорликни давом эттиришга, конструктив мулоқотни чуқурлаштиришга ва кун тартибидаги икки томонлама кўплаб масалалар бўйича фикр алмашишга умид билдирдилар.