Дипломатлар, халқаро сиёсат соҳасидаги таниқли олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этган мазкур анжуман мутахассислар учун Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчликка эришиш йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболи бўйича батафсил фикр алмашиш имкон яратди. Асосий маърузачилар сифатида ШҲТ Бош котиби, Покистон ташқи ишлар вазири, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси директори, Покистоннинг Ўзбекистондаги элчиси сўзга чикди.
СМТИ раҳбари Элдор Арипов ўз нутқида афғон можаросини тарибга солиш бўйича Ўзбекистон нуқтаи назари, Тошкентнинг минтақавий жараёнларгатаъсири, шу жумладан ШҲТ маконидаги ўрни ҳақидаги мулоҳазаларини баён этди. Нотиқ таъкидлаганидек, Марказий Осиёдаги барқарор ривожланиш истиқболи, бевосита, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши билан боғлиқ. Афғон можаросини ҳал қилмасдан туриб, Марказий Осиёнинг гуллаб-яшнашини таъминлаб бўлмайди.
Кўп жиҳатдан, Ўзбекистон Президенти танлаган ташқи сиёсий йўл туфайли Марказий Осиё аста-секин ўтмишнинг ҳал қилинмай қолиб кетган, ҳамкорликка халал бериб келган ва ўзаро тушуниш жараёнига салбий таъсир кўрсатган муаммоларидан халос бўлмоқда, дейди Э.Арипов. Бугунги кунда минтақа мамлакатлари умумий кун тартибининг асосий масалалари, хусусан, афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича бирлашган ёндашув асосида ҳаракатланмоқда.
Таъкидланганидек, кўп асрлар давомида Афғонистон минтақавий савдода, миллий, илмий ва интеллектуал алмашинуда муҳим бўғин бўлиб келган, Марказий ва Жанубий Осиё учун боғловчи кўприк вазифасини ўтган. Шу туфайли Афғонистондаги тинчлик Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик тизими тикланиши ва янада ривожланиши учун янги ва ноёб имкониятлар яратади.
Шу нуқтаи назардан, Афғонистоннинг транзит-инфратузилмавий салоҳиятидан фойдаланиш Марказий Осиё мамлакатларига Покистон денгиз бандаргоҳлари – Гвадару ва Карачига чиқиш учун энг қисқа йўлни таъминлайди. Бу нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатлари учун муҳим аҳамитятга эга.
Ўзаро боғлиқлик мустаҳкамланиб боргани сари нафақат минтақалараро савдони, маданий ва илмий алмашинувни ривожлантириш, балки икки минтақанинг кенг ҳудудида тинчлик ва барқарорликни сақлаб туриш учун қулай ички ва ташқи шарт-шароитларни яратади, деб таъкидлади Э.Арипов.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2021 йил май ойида “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияни ўтказиш ташаббуси айни йўналишдаги барча масалаларни батафсил муҳокама этиш ва тегишли лойиҳаларни амалиётга жорий қилишга кучли туртки беради.
ШҲТ Бош котиби Владмир Норов ўз чиқишида Афғонистондаги вазият тезкорлик билан тартибга солиниши Ташкилот ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлашнинг энг муҳим омиллардан бири эканини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, 2018 йил март ойида ташкил қилинган Тошкент конференцияси афғон тинчлик жараёни бошланишига сиёсий асос бўлиб хизмат қилди. Айни пайтда Ўзбекистон Президентининг “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи доирасида АИРни ижтимоий-иқтисодий тиклаш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси қабул қилиниши бўйича кўтарган ташаббуси ҳам жуда долзарб. Зеро, бу мамлакатнинг низолардан кейин тикланишида фавқулодда аҳамият касб этади.
Ўз навбатда, Покистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Шоҳ Маҳмуд Қурайший тадбир иштирокчиларига мурожаат қиларкан, Афғонистондаги тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлашга даъват этди. Унинг сўзларига кўра, Дохада давом этаётган афғонлараро тинчлик музокараси мамлакатда барқарор тинчлик ўрнатилишига ишонч уйғотмоқда.
Шу билан бирга, дипломат қайд этганидек, АҚШ ва “Толибон” ҳаракати томонидан 2020 йилда имзоланган тарихий битим, шунингдек “Толибон” ҳаракати ва Кобул ўртасида афғонлараро мулоқот бошланиши мислсиз воқеаа бўлиб, АИРдаги кўп йиллик низони тартибга солишда муҳим босқич ҳисобланади.
Таъкидланганидек, инклюзив музокара йўлга қўйилиши Афғонистонда узоқ муддатли барқарорликни қарор топтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Айни пайт ушбу мамлакатда тинчлик, барқарорликка эришиш Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги трансчегаравий боғлиқликни мислсиз даражага кўтаришда янги стратегик имкониятлар яратади. Шу нуқтаи назардан, Қурайшийнинг фикрича, ҳозирги кунда афғонлараро мулоқотни қўллаб-қувватлашда ва АИРни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб қилишда ШҲТнинг роли ошиб бормоқда, бу жараёнда Афғонистоннинг барча қўшни давлатлари қатнашади.
Ушбу нуқтаи назарни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, Афғонистон Қуйи палатаси вице-спикери Мирвоис Ясиний шуни таъкидладики, АИРдаги вазият ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлиги ва ривожланишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. У АИРда тинчлик ўрнатиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклашда Хитой, Ўзбекистон ва Покистоннинг ролини юқори баҳолади. Сиёсатчининг фикрича, халқаро террорчиликка қарши кураш, шунингдек сўнгги 29 йил давомида демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар Афғонистонда барқарорликка эришишнинг асосий шартларидир.
Дохадаги ҳукумат музокаралари жамоаси аъзоси Фавзия Куфий мамлакатнинг демократик ривожланиш йўлини ёқлаб чиқди ва АИРдаги муаммо ва келишмовчиликлар анъанавий тарзда Лойя Жирға умумий келишуви орқали ҳал қилинаётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, афғон сиёсий кучлари орасида мамлакатда низони бартараф этиш бўйича қатъий ички консенсус мавжуд. Ҳозирги пайтда энг муҳими ўт очишни тезроқ тўхтатиш, шунда афғон фуқароларига музокара жараёнида олдинга силжиш сезилади. Шу ўринда жаҳоннинг етакчи, кучли давлатлари, минтақа мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон ва Покистон афғонлараро ички ярашувга ижобий кўмаклашишда давом этишига қатъий ишонч билдирилди.
Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш истиқболини таҳлил қилар экан, Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Саид Али Асад Ғилоний фақат тинчлик тўғрисида гапириш билан чекланиш эмас, балки бу мамлакатда тинчликка эришиш орқали яратиладиган имкониятлар ҳақида ўйлаш кераклигига урғу берди. Узоқ кутилган барқарорлик ШҲТ маконида салмоқли геосиёсий ва геоиқтисодий силжишга олиб келади. Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши, биринчидан, иқтисодий нуқтаи назардан, Марказий ва Жанубий Осиё ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, иккинчидан АИРнинг стратегик жойлашуви ва бой табиий ресурслари салоҳиятидан биргаликда фойдаланиш, учинчидан халқ дипломатиясини кучайтириш – маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Хусусан, тинч Афғонистоннинг транспорт-инфратузилмавий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш товарларни Ўзбекистондан Покистонга юклаб жўнатиш вақтини 35 кундан 3-5 кунгача қисқартиради. Айни пайтда ўзбек маҳсулотлари экспорти 3 баравар ўсиб, ҳозирги 100 миллион доллардан 300 миллион долларга етиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан АИРда тезда тинчлик ўрнатилиши иқтисодий жиҳатдан жадал суръат билан ривожланаётган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашнинг “энг мақбул усули” деб ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Саид Ғилоний Ўзбекистоннинг трансафғон транспорт йўлагини барпо этиш ташаббусини, шунингдек ШҲТ доирасида Тошкент томонидан афғон йўналишида илгари сурилаётган бошқа лойиҳаларни қўллаб-қувватлади.