Мустақиллик йилларида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, унинг сарҳадлари даҳлсизлигини таъминлаш бўйича тактик ва стратегик вазифаларни самарали ҳал этишга қодир бўлган, замонавий, ҳаракатчан, ҳар томонлама яхши қуролланган армияни ташкил этиш бўйича ўзининг кўлами ва миқёсига кўра улкан ишлар тизимли ва босқичма-босқич равишда амалга оширилди.
2018 йилнинг 9 январида — Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Мудофаа доктринасини қабул қилиш орқали мамлакат мудофаа сиёсатининг шаффофлигини таъминлаш кўзда тутилган. 2017-2021 йиллар учун Ҳаракатлар стратегияси дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган ушбу доктринада мамлакатимизнинг ҳарбий қурилиши ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича асосий йўналиш ва замонавий ёндашувлар акс эттирилган. Мудофаа доктринаси, хавфсизлик ва мудофаа соҳасида бошқа чет давлатлар билан самарали ҳарбий-сиёсий муносабатлар ва ҳамкорлик қилиш учун ташкилий-ҳуқуқий шароит яратади. Ушбу ҳужжат ошкора хусусиятга эга бўлиб, шунга ўхшаш концептуал ҳужжатлар қабул қилиш борасидаги чет эл тажрибасига мос келади.
Мудофаа доктринаси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлиги, яқин қўшниларимиз — Марказий Осиё давлатлари билан ҳар томонлама ўзаро ҳамкорлик миллий хавфсизликнинг асосий шартларидан бири эканлигини кўрсатади. Халқларимизнинг тарихи, маданияти, анъаналари, диний эътиқодининг муштараклиги мамлакатларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг муҳим пойдевори ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати қуйидаги принципларга асосланган: бошқа давлатларга қарши ҳарбий куч ишлатмаслик, бундан ҳарбий тажовузнинг олдини олиш ва уни даф этиш ҳоллари мустасно; хавфсизликнинг бўлинмаслиги, ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўйилмаслиги; бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, эҳтимол тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш; ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳар қандай давлатлараро тузилмадан, агар у ҳарбий-сиёсий блок этиб ўзгартирилса, чиқиб кетиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолиш; мудофаанинг етарли даражада бўлиши; ҳарбий қурилишнинг замонавий ҳарбий можаролар хусусиятига монанд бўлиши; ядровий ва бошқа турдаги оммавий қирғин қуролини ишлаб чиқариш, олиш, сақлаш, тарқатиш ва жойлаштиришдан воз кечиш; Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли зона тўғрисидаги шартнома принципларига содиқлик; ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик; Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги; халқнингмаънавий-ахлоқий қадриятларига ва ўзига хос маданий урф-одатларига таяниш.
Ўзбекистон Республикаси тинчликсевар сиёсатни олиб борар экан, ҳарбий можароларнинг олдини олишда фаол иштирок этишни устувор вазифалардан бири деб ҳисоблайди. Ўзбекистон Республикасининг ушбу соҳадаги сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат: а) миллий даражада: давлат ҳарбий ташкилотининг ўз мақсадига мувофиқ ҳаракат қилишга шайлигини сақлаб туриш; ўз мудофаа саноати комплексини ва унинг илмий-ишлаб чиқариш базасини ривожлантириш; ижтимоий институтларга ва ҳокимият органларига бўлган ишончга путур етказишга, шунингдек давлатнинг ички ишларига аралашиш мақсадида аҳолининг оммавий онгига ахборот-мафкуравий таъсир кўрсатиш билан боғлиқ хавфларни камайтиришга қаратилган илғор технологик ечимларни ва бошқа ечимларни қўллаш; б)минтақавий даражада: минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақавий хавфсизликнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни тартибга солишга кўмаклашиш, трансчегаравий оқарсув ресурсларидан фойдаланиш масалаларини ҳал этиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш жараёнларини тугаллаш, экологик барқарорликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларга ҳамда табиий ва техноген хусусиятдаги трансчегаравий таҳдидларга эътибор қаратиш юзасидан таъсирчан чора-тадбирларни куриш; минтақадаги тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка ташқи ҳамда ички таҳдидлар бўлишига йўл қўймаслик ва уларни нейтраллаштириш, экстремизм, терроризм, уюшган ҳамда трансчегаравий жиноятчиликка қарши курашиш борасида Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар билан ўзаро ҳамфикрлик ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш; минтақа давлатлари ўртасида ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлаш;в) халкаро даражада: Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг, бошқа халқаро ташкилотлар ва институтларнинг халқаро хавфсизликни таъминлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги ишларида иштирок этиш; Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигининг узоқ муддатли манфаатларидан келиб чиққан ҳолда манфаатдор мамлакатлар билан стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш ва сақлаб туриш ҳамда давлатлараро ўзаро манфаатли, мустаҳкам алоқаларни йўлга қуйиш; оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик борасидаги глобал саъй-ҳаракатларга кўмаклашиш; экстремизм ва халқаро терроризм кўринишларининг олдини олиш ва уларга чек қўйиш; халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш. Амалга оширилган ва оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ Қуролли Кучларимиз бугунги кунда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиеёв таъбири билан айтганда, "жамиятимизнинг ажралмас бир қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг кафолатига, ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланмоқда". Шу билан бирга, минтақамиз ва бутунжаҳондаги бугунги мураккаб, тез ўзгараётган ҳарбий-сиёсий вазият, айниқса, Афғонистондаги истиқболи анча мавҳум бўлган ҳозирги ҳолат билан боғлик тарзда хавфсизликка қарши реал ва эҳтимол тутилаётган хавф-хатарларнинг кучайиб, наркоагрессия, халқаро терроризм, экстремизм ва бошқа таҳдидларнинг миқёси тобора кенгайиб бораётгани Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий тайёргарлиги ва жанговар қобилиятини муттасил ошириш, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш, унинг давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш борасидаги чораларни янада кучайтиришни тақозо этмокда.
Шавкат Мирзиёевнинг Президент хузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2018 йилнинг 10 январида бўлиб ўтган кенгайтирилган таркибдаги мажлисидаги нутқида мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимидаги ислоҳатларнинг истиқболларига тўхталиб, куйидагиларни алоҳида таъкидлади: "Айни пайтда бутун дунёда, жумладан, ён-атрофимизда халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи тобора ортиб бормоқда, айрим ҳудудларда қуролли тўқнашувлар ҳамон давом этмоқда. Ана шундай кескин вазиятдан келиб чиққан ҳолда, мавжуд таҳдидларга қарши муносиб зарба беришга тайёр бўлишимиз, Ўзбекистоннинг тинч ва барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида Қуролли Кучларимизни янада ислоҳ қилиш, унинг жанговар тайёргарлиги ва қобилиятини юксалтириш буйича келгусида амалга оширадиган ишларимизни изчил давом эттиришимиз зарур". Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларнинг Олий Бош қўмондони ташаббуси билан "Темурбек лар мактаби" ҳарбий академик лицейларининг ташкил этилиши Қуролли Кучларимизни салоҳиятли аскар ва офицер кадрлар билан таъминлаш қаторида, ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва ўқитишда муҳим ўринга эга бўлади. Айниқса, Қуролли Кучлар тизимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари ташкил этилганлиги эса, ёш ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳатлар жараёнига жалб этишда, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришда долзарб аҳамият касб этади.Бир сўз билан айтганда, амалга оширилган бундай муҳим ишлар натижасида армия мардлик ва матонат, садоқат мактабига айланмоқда. Хулоса қилиб айтганда, халқимизнинг тинчлиги ва хавфсизлиги, сарҳадларимиз даҳлсизлигининг мустаҳкам қалқони бўлмиш армиямиз ҳаржиҳатдан қудратли, қурол-яроғ ва ҳарбий маҳорат борасида ҳеч кимдан кам бўлмаслиги лозим.