Ўзбекистон ва Туркия етакчи “ақл марказлари” раҳбарлари учрашувлар ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов Истанбул шаҳрида навбатдаги 26-Евроосиё иқтисодий саммитида иштирок этди.

Туркияга сафар чоғида ушбу мамлакатнинг қатор етакчи илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.

Дастлаб СМТИ раҳбари Туркия Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (СEТА) Бош координатори Бурхониддин Дуран билан музокара олиб борди.

2006 йил Анқарада ташкил этилган СEТА Туркиядаги етакчи нотижорат тадқиқот ва таҳлилий муассасаси бўлиб, Истанбул, Вашингтон, Брюссель ва Берлинда ҳам офисларига эга.

Тузилма асосчиси Иброҳим Калин Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг бош маслаҳатчиси ва матбуот котиби, Б.Дуран эса Хавфсизлик ва ташқи сиёсат кенгаши аъзоси ҳисобланади.

Элдор Арипов «Marmara Group» Стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси бош директори Аккан Сувер билан ҳам учрашди. СМТИ ушбу тузилма билан 2018 йилда имзоланган ўзаро англашув меморандуми асосида муносабат ўрнатган.

Суҳбат давомида мамлакат жануби-шарқида содир бўлган кучли зилзила қурбонлари ва кенг кўламли вайронагарчилик туфайли турк ҳамкасбларга ҳамдардлик, қўллаб-қувватлов сўзлари билдирилди.

Туркия томони оғир кунда тезда амалий ёрдам кўрсатгани учун Ўзбекистондан миннатдор эканини изҳор этди. Ўзбекистон Президенти топшириғига кўра, Туркияга қутқарувчилар ва ҳарбий шифокорлар гуруҳи ҳамда инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Натижада ўнлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, 4 мингдан зиёд фуқарога тиббий ёрдам кўрсатиш имкони яратилди.

Учрашувлар чоғида ҳамкорларимиз Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳот жараёнига жиддий қизиқиш билдирди. Асосий қонунга киритилган ўзгаришлар инсон ҳуқуқи ва эркинлигини, давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий мажбуриятини мустаҳкамлаш билан бирга, парламент ва сиёсий партиялар ваколатини кенгайтираётгани алоҳида таъкидланди. Мезбонлар икки давлат экспертлари иштирокида конституциявий янгиликларни батафсил муҳокама қилишдан манфаатдор эканини билдиришди.

Бундан ташқари Ўзбекистон ваТуркия ўртасидаги алоқани янада ривожлантириш истиқболи таҳлилига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатларимиз раҳбарлари ўртасида яқин, ишончли мулоқот йўлга қўйилгани мавжуд муносабатни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишда асосий омил бўлгани эътироф этилди.

Иштирокчилар савдо-иқтисодий ҳамкорлик суръати жадал ўсаётганини мамнуният билан қайд этдилар. Бугунги кунга келиб Туркия Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси, Хитой ва Қозоғистондан кейинни 4-йирик савдо-иқтисодий ҳамкорига айланган. Товар айирбошлаш миқдори 2022 йил 3.2 миллиард долларни ташкил этди ва 2017 йилдаги 1.5 миллиард долларга нисбатан икки баробардан кўпроқ ошди. Яқин йилларда маҳсулот ва хизмат айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш режаси белгиланди. Ҳозирги кунда юртимизда турк капитали иштирокида 2204 корхона фаолият юритмоқда.

Учрашувлар давомида экспертлар мулоқотини янада ривожлантириш, таҳлилий институтлар ўртасидаги алоқани кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

СМТИ ва СEТА ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат қўшма илмий лойиҳалар амалга ошириш, томонларни қизиқтирган масалалар бўйича форум, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этиш орқали ҳамкорлик, мунтазам ишчи алоқа ўрнатишни назарда тутади.

Манба