ТДТ мамлакатлари етакчи таҳлилий марказлари ўртасида Меморандум имзоланди

Пойтахтимиздаги Форумлар саройида Туркий давлатлар ташқи сиёсий тадқиқотлар марказларининг ТДТ майдонида савдо-иқтисодий кооперация ва транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш масаласига бағишланган 8-йиғилиши бошланди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Озарбайжон Халқаро муносабатлар таҳлилий маркази, Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти, Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар миллий институти, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги  Стратегик тадқиқотлар маркази, Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ташқи ишлар ва савдо институти каби тузилмалар раҳбарлари ва экспертлари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов, мамлакатимиз ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов, ТДТ  бош котиби ўринбосари Гисмат Гозаловлар тадбир иштирокчиларига табрик сўзи билан мурожаат қилдилар. 

Йиғилиш доирасида ТДТ мамлакатлари таҳлилий марказлари ўртасида Ўзаро англашув Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Иштирокчилар ўртасидаги мунтазам алоқа ва ҳамкорликни ривожлантириш учун шарт-шароит яратишга қаратилган мазкур ҳужжатда ташқи сиёсат ва хавфсизлик, минтақавий барқарор ривожланиш, ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликнинг бошқа тегишли соҳалари устувор йўналишлар этиб белгиланган.

Хусусан, ўзаро ҳамкорликнинг турли шакл ва механизмлари ҳам мустаҳкамланган. Экспертлар, илмий мақолалар алмашинувини йўлга қўйиш, тадқиқотлар ўртказиш ва илмий ишларни тайёрлаш, биргаликда  конференция, йиғилиш, семинар ва ўқув дастурлари ташкил этиш кўзда тутилган.

СМТИ директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов имзоланган меморандум ҳақида сўз юритаркан, бу Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини экспертлар томонидан қўллаб-қувватлаш, тузилмага аъзо ва кузатувчи мамлакатлар илмий-тадқиқот ҳамда таҳлилий марказлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшимча туртки беришини таъкидлади.

Мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган ушбу экспертлар учрашуви Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия ва Венгриядан етакчи таҳлилий марказлар, шунингдек ТДТ Котибиятининг  60 дан зиёд вакилини бир жойга тўплади. 

Шу билан бирга форумга транспорт-логистика компаниялари раҳбарлари, халқаро экспедиторлар, автоташувчилар, логистика уюшмалари вакиллари, мамлакатимиз олий ўқув юртлари, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия, Тошкент давлат шарқшунослик, Тошкент давлат транспорт университетлари олимлари, мутахассислари ҳам таклиф этилган.

Манба