Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган ушбу экспертлар учрашувида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия ва Венгриядан етакчи таҳлилий марказлар мутахассислари, шунингдек Туркия савдо-саноат палатаси ва ТДТ Котибияти масъуллари - жами 60 дан зиёд вакил иштирок этади.
Форумга транспорт-логистика компаниялари раҳбарлари, халқаро экспедиторлар, автоташувчилар, логистика уюшмалари вакиллари, мамлакатимиз олий ўқув юртлари, жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия, Тошкент давлат шарқшунослик, Тошкент давлат транспорт университетлари олимлари, мутахассислари ҳам таклиф этилган.
Тадбирда турк мамлакатларининг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги истиқболи, транспорт-коммуникация боғлиқлигини ривожлантириш, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо соҳаларига инновацион технология ва рақамли ишланмаларни жорий қилиш бўйича шерикликни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинади.
Дастурга кўра, ТДТга аъзо мамлакатлар таҳлилий марказлари ўртасида ўзаро англашув Меморандумини имзолаш кўзда тутилган. Ушбу ҳужжат турли соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштириш механизмини ишлаб чиқиш, тузилма фаолиятини экспертлар томонидан қўллаб-қувватлаш жараёнини чуқурлаштиришга қаратилган.
Шу билан бирга савдо-иқтисодий кооперация, транспорт-коммуникация боғлиқлиги ва иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга доир тавсияларни ўз ичига олган якуний ҳужжат ҳам қабул қилинади.
Тадбир 11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтадиган, туркий давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни янги босқичга кўтариши кутилаётган ТДТнинг олий даражадаги биринчи саммити арафасида ўтказилмоқда.
2022-2026 йилларга мўлжалланган ТДТ стратегияси қабул қилиниши давлат раҳбарлари учрашувининг муҳим воқеаси бўлади. Айни дам ушбу ҳужжатни тайёрлаш фаол босқичга кирган.
Эслатиб ўтамиз, ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатлар ташқи сиёсий тадқиқотлар марказлари Мажлиси 2009 йилдаги Туркий кенгашни таъсис этиш тўғрисидаги Нахичеван келишуви қоидаларига мувофиқ, 2015 йилда таъсис этилган.
Ўзбекистон 2019 йилдан буён ташкилот фаолиятида иштирок этиб келмоқда. Ўтган қисқа давр ичида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тузилма доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган 30 дан зиёд ташаббус, таклиф илгари сурилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот маркази ташкил этиш, ТДТ доирасида аъзо мамлакатларнинг транспорт соҳасидаги боғлиқлиги дастурини қабул қилиш, доимий фаолият юритувчи Экспертлар ва IT-мутахассислар платформасини шакллантириш шулар жумласидан.
Кейингиси
ТДТ мамлакатлари етакчи таҳлилий марказлари ўртасида Меморандум имзоланди
Пойтахтимиздаги Форумлар саройида Туркий давлатлар ташқи сиёсий тадқиқотлар марказларининг ТДТ майдонида савдо-иқтисодий кооперация ва транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш масаласига бағишланган 8-йиғилиши бошланди.
14.10.2022