
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган бу галги Мурожаатномаси ўз аҳамиятига кўра ҳар йилги сиёсий Мурожаатнома доирасидан анча кенг. У мамлакатнинг сифат жиҳатидан янги ривожланиш босқичига – ислоҳотларни институционал мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган барқарор ўсиш моделини шакллантиришга ўтишини қайд этувчи стратегик ҳужжатдир.
Сўнгги ўн йилликда Ўзбекистон иқтисодиёти сифатли ва тизимли янгиланишнинг жадал йўлини босиб ўтди. 2010-йилларнинг ўрталарида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг номинал ҳажми 60-65 миллиард доллар атрофида бўлган, ҳозирга келиб эса бу кўрсаткич Мурожаатномада таъкидланганидек, 145 миллиард долларга етди. Гап тарихдаги мисли кўрилмаган қисқа муддатда мамлакатимиз иқтисодий кўлами икки баробардан зиёд кенгайгани ҳақида бормоқда.
Ҳа, кейинги йилларда иқтисодиётнинг ўртача йиллик ўсиш суръати барқарор равишда 6 фоиз атрофида сақланиб келмоқда. Бу нафақат ижобий динамиканинг давом этаётганини, балки иқтисодиётнинг ташқи зарбалар — пандемия, хомашё ва логистика занжиридаги узилишлар ҳамда глобал инфляция шароитида ҳам барқарор ўсиш қобилиятига эга эканини англатади.
Ушбу хулосани саноат кўрсаткичлари ҳам тасдиқлайди. 2010-йилларнинг аввалида саноат хомашё ва қишлоқ хўжалиги тармоқларига нисбатан ёрдамчи ўринда турган бўлса, кейинги ўн йилда саноат ишлаб чиқариш ҳажми икки баравардан кўпроқ ўсди. Бугун машинасозлик, электротехника ва кимё саноати мамлакат иқтисодиётига барқарор ҳисса қўшмоқда. Қайта ишлаш тармоқларининг ялпи ички маҳсулот таркибидаги улуши эса 80 фоиздан ошди.
Аграр секторнинг ривожланиш динамикаси ҳам диққатга сазовор. Ўн йил аввал асосий эътибор ишлаб чиқариш ҳажмига қаратилган бўлса, бугун устуворлик маҳсулотни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни экспорт қилишга йўналтирилди. Мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмининг ошиши ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортининг кенгайиши ҳосилдорлик ва нархларнинг ўзгаришига боғлиқликни камайтириб, янада барқарор ривожланиш моделини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Инвестициялар динамикаси ҳам сифат ўзгаришларини ўзида акс эттиради. Сўнгги йилларда асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми юқори суръатда ўсмоқда ва ўтган даврдаги ўртача кўрсаткичлардан анча юқори даражага етди. 2010-йилларнинг бошида эса бу кўрсаткич анча паст эди. Шу билан бирга, инвестицияларнинг табиати ҳам ўзгарди: агар илгари улар асосан инфратузилма ва давлат лойиҳаларида жамланган бўлса, бугун уларнинг катта қисми саноат, энергетика, транспорт ва рақамли ечимларга йўналтирилмоқда. Яъни инвестициялар нафақат жорий ўсишга, балки келажакдаги ишлаб чиқариш базасини шакллантиришга ҳам хизмат қила бошлади.
Ташқи савдо динамикаси бу манзарани янада яққол акс эттиради. Кейинги ўн йилда Ўзбекистоннинг экспортдан тушадиган даромади икки баробардан ортиқ кўпайди: 2010-йилларнинг ўрталарида товарлар ва хизматлар экспорти ҳажми 12-13 миллиард доллар атрофида бўлган, сўнгги йилларда эса бу кўрсаткич барқарор равишда 24-25 миллиард доллардан ошмоқда. Бу ўсиш нафақат нарх коньюнктураси туфайли, балки экспорт таркибининг ўзгариши ҳисобига ҳам юз берди.
Бу ўзгариш қайта ишлаш соҳаларида яққол намоён бўлмоқда. Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ўн йилда уч баравардан зиёд ошди — 1 миллиард доллардан камроқ кўрсаткичдан қарийб 3 миллиард долларгача ва ундан ортиқ. Бу хомашё экспортидан тайёр маҳсулотга ўтишни акс эттиради. Худди шундай ўсиш суръати электротехника, кимё ва озиқ-овқат саноатида ҳам кўринмоқда. Ушбу соҳаларда ишлаб чиқариш занжирининг кенгайиши ва янги бозорларга чиқиш ҳисобига экспорт ҳажми бир неча баробар кўпайди.
Макроиқтисодий мувозанат алоҳида эътиборга лойиқ. Иқтисодиёт ва инвестицияларнинг ўсиши давлат қарзининг назорат қилинадиган даражаси ва молиявий барқарорлик сақланиб қолган ҳолда кечди. Бу жуда муҳим. Чунки сўнгги йиллар тажрибаси тегишли мувозанатсиз жадал ўсиш кўпинча келажакдаги ривожланиш учун чекловлар тўпланишига олиб келишини кўрсатади. Мурожаатномада таъкидланишича, Ўзбекистон онгли равишда эҳтиёткорона, аммо стратегик жиҳатдан манфаатли йўналишни танлаб олган.
Сўнгги ўн йилликдаги динамикани таққослаш муҳим стратегик хулоса чиқариш имконини беради: Ўзбекистон келажакдаги ривожланиш иқтисодиёт кўлами билан эмас, балки унинг сифати билан белгиланадиган босқичга яқинлашди. Шунинг учун ҳам Мурожаатномада меҳнат унумдорлигини ошириш, технологик янгилаш ва саноатлаштиришни чуқурлаштириш вазифаси марказий ўринни эгаллади.
Ўн йил аввалги бошланғич нуқта билан солиштирганда мамлакат иқтисодиёти янада кенг кўламли, диверсификацияланган ва барқарор бўлди. Бу ўзгаришлар аҳоли фаровонлигини ошириш, Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамлаш учун узоқ муддатли стратегик асос ҳозирлайди.
Мурожаатноманинг энг муҳим хусусиятларидан бири давлат ва фуқаролар ўртасидаги алоқанинг ёрқин ифодаси бўлди. Буни, айниқса, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳоли эҳтиёжларига қанчалик мос келаётганида ҳам кўриш мумкин.
Зеро, Мурожаатнома мазмуни таҳлили унинг устувор йўналишлари сўнгги йилларда жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўровларда, фуқароларнинг мурожаатларида мунтазам қайд этиб келинаётган муаммоларга тўлиқ мос келишини кўрсатади. Асосий эътибор бандлик, даромад, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти, таълим ва соғлиқни сақлаш сифати, шунингдек, адолат ва давлат бошқарувининг самарадорлигига қаратилган.
2017-2018 йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси икки хонали рақамлар (тахминан 35 фоиз) билан ўлчанган бўлса, 2024 йилга келиб 8,9 фоизгача камайди.
2025 йилда камбағалликнинг 5,8 фоизгача пасайиши мамлакатимиз бу борада уч йил олдин 2026 йил якуни бўйича режа қилинган мақсадга бир йил олдин эришганини кўрсатади.
Бундан ташқари, Мурожаатномада 2026 йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоизга тушириш бўйича стратегик мақсад кўрсатилган. Бу камбағалликка қарши курашни истиқболдаги давлат стратегиясининг марказий йўналишларидан бирига айлантиради. Бунга аҳоли даромадини барқарор ошириш, иш ўринлари очиш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган қатор ижтимоий дастурлар ва ислоҳотларнинг мақсадли амалга оширилиши туфайли эришилди.
Фуқароларнинг катта қисми, айниқса, ёшлар ва ҳудудлар аҳолиси учун айнан барқарор иш ва даромад манбаига эга бўлиш ижтимоий фаровонликнинг асосий омилидир. Мурожаатномада кўрсатилган кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш айнан шу талабларга жавоб беради. Халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ Тараққиёт дастури ва Осиё тараққиёт банки ўз тадқиқотларида бандликка бундай йўналтириш ижтимоий барқарорлаштиришнинг энг самарали воситаларидан бири эканини таъкидлайди.
Фуқароларни эшитишнинг муҳим кўрсаткичи асосий хизматлар сифатига эътибор қаратишдир. Мурожаатномада таълим, соғлиқни сақлаш ва кадрлар тайёрлаш масалалари иккинчи даражали эмас, балки стратегик устувор йўналиш сифатида кўрсатилган. Бу инсон капитали сифатини ва ижтимоий ҳаракатчанликни оширишга бўлган ҳақиқий ижтимоий талабга мос келади.
Давлат бошқарувига бағишланган қисм ҳам алоҳида таҳлилга лойиқ. Сўнгги йилларда фуқароларнинг энг кўп мурожаатларидан бири бюрократияни камайтириш, амалдорларнинг масъулияти ва фаолияти шаффофлигини оширишга оид бўлмоқда.
Мурожаатнома мазмуни давлат ўз фуқароларини эшитиш ва жамоатчилик кутаётган янгиланишларни стратегик сиёсат элементларига айлантириш қобилиятини биргаликда намойиш этаётгани ҳақида хулоса чиқаришга имкон беради.
Президентимиз бу жараёнда ислоҳотларнинг асосий меъмори сифатида алоҳида ўрин эгаллайди. Халқаро молиявий ва таҳлилий институтлар ўтиш иқтисодиётига эга мамлакатларда кенг қамровли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш учун сиёсий етакчилик жуда муҳимлигини бир неча бор таъкидлаган.
Ўзбекистон мисолида изчиллик, сиёсий ирода ва узоқ муддатли натижага йўналтирилганлик макроиқтисодий барқарорлаштириш, ижтимоий сиёсат ва институционал ислоҳотларни ягона стратегия доирасида уйғунлаштириш имконини берди. Президентимиз Мурожаатномаси ушбу стратегиянинг жамланган ифодаси ва уни янада чуқурлаштириш воситаси бўлиб хизмат қилади.
Умуман олганда, Президентнинг парламентга Мурожаатномаси нафақат ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи кун тартибини, балки Ўзбекистоннинг келажакдаги ривожланишининг стратегик матрицасини шакллантиради. У етакчи халқаро ташкилотларнинг эмпирик маълумотлари ва баҳолари билан мустаҳкамланган бўлиб, ички консенсусни мустаҳкамлайди ва халқаро ҳамжамиятнинг ишончини кучайтиради. Айнан шу жиҳат унинг асосий аҳамиятини белгилайди — у ислоҳотларнинг барқарорлигини таъминловчи ва мамлакатнинг узоқ муддатли рақобатбардошлигини белгилаб берувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади.
Элдор АРИПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директор
"Янги Ўзбекистон" газетасининг 2026-йил 1-январдаги 1-сонида чоп этилган