СМТИда Швейцария Ташқи ишлар вазирлигининг сув масалалари бўйича махсус вакили Г.Бонвин ва Швейцариянинг Муваққат ишлар вакили Д.Петтер билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда сув ресурсларидан фойдаланиш ва Марказий Осиё мамлакатларига сувни тежаш технологияларини жалб қилиш бўйича минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Г.Бонвин Швейцариянинг трансчегаравий сув билан ишлаш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга эканини таъкидлади ва Марказий Осиё мамлакатларига бу йўналишда яқиндан ёрдам бериши ва қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканлигини таъкидлади. Хусусан, айни шу мақсадда Швейцария томони трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган дастурни ишлаб чиқди.
Шунингдек, учрашувда томонлар сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ва Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлашнинг янги умумий қарашларини ишлаб чиқиш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Шу муносабат билан Г.Бонвин Швейцария, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи кўмагида минтақа мамлакатларида тажриба алмашиш учун бир қатор тадбирлар ўтказишни таклиф этди.
Мулоқот сўнггида томонлар Марказий Осиёда трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш соҳасида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни давом эттириш ниятини билдирдилар.