СМТИга Германиянинг Федерал Мудофаа Вазирлигининг хавфсизлик ва мудофаа сиёсати бошқармаси бошлиғи бригада генерали Волфганг Ол бошчилигидаги ҳарбий делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида томонлар Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг ривожланишининг ижобий динамикаси, Афғонистондаги вазият, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Меҳмонларга Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақада икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш бўйича эришилган натижалар ҳамда Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш бўйича кейинги қадамлар ҳақида маълумот берилди.
Бундесервер вакиллари Ўзбекистоннинг қўшни Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш жараёнини қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳаракатларини олқишладилар. Томонлар Афғонистон халқини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма савдо-сотиқ, сармоявий ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигини ривожлантирилишининг салоҳияти ҳақида фикр билдирдилар.