Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида уюштирилаётган тадбирлар, шахсий ташаббуслар давом этмоқда.
Ушбу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти жамоаси ҳам Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйи кутубхонасига катта ва кичик ёшдаги болаларга мўлжалланган кўплаб китобларни совға қилди.
Ушбу масканда тарбияланаётган болажонларга совға қилинган китоблар асосан, ўғил-қизлар маънавиятини юксалтирувчи адабиётлардан, яъни қизиқарли эртаклар, маърифий асарлар, романлар, шунингдек, ўзбек ва жаҳон классик адабиёти намуналаридан иборат.
Ушбу китоблар болажонларнинг янада чуқур билим олиши, дунёқарашининг кенгайиши, маънавиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшади.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйи 1946 йилда ташкил этилган. Ҳозирда Меҳрибонлик уйида 123 нафар 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар тарбияланмоқда.
Тадбир давомида Институт жамоаси Меҳрибонлик уйида тарбия олаётган болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишди, шунингдек, тарбияланувчилар билан учрашув ўтказиб, уларнинг севимли бадиий асарлари, ҳамда келажакдаги орзу-умидлари ва режалари ҳақида фикр алмашишди.