Жорий йилнинг 24-25 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти директори бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Бельгияга ташриф буюради. Делегация таркибига Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлилий Маркази ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси вакиллари киритилган.
Брюсселга ташриф чоғида Ўзбекистон вакиллари Европа иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилоти, шунингдек, Бельгия ташқи ишлар вазирлиги ва парламентининг етакчи раҳбарлари билан учрашув ўтказишади. Шу билан бир қаторда ушбу учрашувлар доирасида Европанинг Осиёни тадқиқ этиш институти билан биргаликда “Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва Марказий Осиёда ҳамкорликнинг янги босқичи” мавзусига, шунингдек Европарламент билан эса “Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатидаги янги тенденциялар: Евроиттифоқ билан ҳамкорлик бўйича устувор йўналишлар” мавзулари бўйича давра суҳбатлари ўтказилиши режалаштирилган.
Тадбирларда Европанинг сиёсий ва эксперт-таҳлилий доиралари билан, шунингдек Бельгиянинг бизнес вакиллари иштирокида “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиш босқичлари” бўйича ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтиши режалаштирилган. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон билан Европа ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион-молиявий, туристик ва ижтимоий-гуманитар соҳалардаги кўп тармоқли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича ўзаро муҳокама ўтказилиши тадбирлар дастурига киритилган.
Тадбирларнинг якуний қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар Институти ва Европанинг етакчи таҳлилий марказлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича шартномаларнинг имзоланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ушбу делегация вакиллари Бельгия Қироллигидаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этишади.