Ўзбекистонда ижтимоий сиёсат: тизимли “қайта юклаш” ва янги имкониятлар

Коронавирус пандемияси глобал даражада жаҳон соғлиқни сақлаш тизими ва иқтисодиётига катта зарба бўлди.

Ижтимоий соҳа ҳам ана шундай зарбани қабул қилиб олди ва бунда кўплаб ечилмаган тизимли муаммолар юзага қалқиб чиқди. Дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ҳимоясиз қолди. Шу билан бирга, инқироз иқтисодий ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларни ҳам қамраб олди.

БМТ экспертлари коронавирус инфекциясининг кенг тарқалиши камбағалликни қисқартириш учун сўнгги йилларда эришилган барча ютуқларга таҳдид солаётганига ишора қилиб, бонг урмоқда. Глобал камбағаллик даражаси 1998 йилдан бери биринчи марта кўтарилиб кетди, дея баёнот берди.

ХМТ прогнозига кўра, иқтисодиёт ва меҳнат бозоридаги инқироз глобал ишсизликнинг қарийб 25 миллион кишига кўпайишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, ривожланган мамлакатларда ишсизлик, ҳатто, буюк депрессия давридан ҳам ошиб кетиши кутилмоқда.

Иш билан бандликнинг пасайиши, табиийки, одамлар даромадининг сезиларли йўқотилишига ҳам  олиб келади. ХМТнинг баҳолашича, 2020 йилнинг охирига келиб, улар 860 млрд. дан 3,4 трлн. долларгачани ташкил этади.

Коронавирус пандемияси оқибатлари Марказий Осиё учун олдиндан кутилганидан анча жиддий бўлди. Жаҳон банки йил охирига қадар минтақада ялпи ички маҳсулотнинг 1,7 фоизга камайишини истисно этмаяпти. Қирғизистонда ЯИМнинг энг катта пасайиши кутилмоқда — минус 4 фоиз. Қозоғистонда пасайиш минус 3 фоиздан бироз камроқ бўлади. Тожикис­тонда — минус 2 фоиз.

Бу йил минтақада иқтисодиёти ўсиши мумкин бўлган ягона мамлакат — Ўзбекис­тон бўлиб, иқтисодий ўсиш суръатлари 1,5 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда.

Карантин Марказий Осиё давлатларидан келган юз минглаб меҳнат муҳожирларини ҳам даромадсиз қолдирди. Пандемия туфайли бутун дунё бўйлаб пул ўтказмалари 20 фоиз га қисқарса, Марказий Осиёда деярли 28 фоизга пасаяди.

Шу аснода Жаҳон банки 2,6 миллионга яқин Марказий осиёликлар камбағаллик чизиғидан пастга тушиб кетиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Бундай муҳим шароитларда ҳукуматларнинг асосий вазифаси нафақат касалликнинг тарқалишини жиловлаш, балки аҳолининг заиф қатламларини ҳамда иш ва даромад манбаисиз қолганларни қандай қўллаб-қувватлашдан ҳам иборатдир.

Ўзбекистонда аҳвол қандай?

Тан олиш керак, бу муаммоларнинг барчаси мамлакатимиз олдига жиддий масалаларни қўйди. Бундан ташқари, пандемик инқироз ҳукумат бутун эътиборини муҳтож фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, камбағалликка қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришнинг ҳозирги тизими ислоҳотларига қаратган бир пайтда юз берди.

Давлат тарихида биринчи марта Президент мамлакатда камбағаллик муаммосини очиқ тан олди. Илгари тақиқланган мавзу бугун нафақат муҳокамага айланди, балки ушбу муаммонинг ҳақиқий кўлами, балки кеча имконсиз туюлган мамлакатдаги камбағаллар сони бўйича аниқ рақамлар ошкор этилди.

Бундан ташқари, камбағаллик даражасини камайтириш вазифаси кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айланди. Узоқ муддатга мўлжалланган мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг барқарорлигини таъминлаш стратегиясининг бош мақсади қилиб қўйилди. Президентнинг шу йил январь ойида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Биринчи навбатда аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш — биз учун бош вазифалардан бири бўлиб қолади”, дея аниқ айтилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги камбағалликни қисқартириш жараёнларини тартибга солиш учун махсус ташкил этилди. Халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, 2030 йилгача Камбағалликни камайтириш стратегиясини ишлаб чиқишга қарор қилинди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашни мувофиқлаштириш борасидаги ишлар самарадорлигини мустаҳкамлаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Бундан ташқари, қишлоқ жойларда ҳаёт сифатини ошириш ва ободонлаштириш борасида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” каби  дастурлар изчил амалга оширилмоқда.

Айтиш мумкинки, мамлакатимизда биринчи марта аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг интеграциялашган, замонавий тизими босқичма-босқич ва изчил ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шунингдек, у халқ билан “ижтимоий мулоқот”ни амалга оширишнинг тубдан янги механизмларига асосланади.

Бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни  кўп жиҳатдан аллақачон ўз самарадорлигини исботлаган Хитойнинг камбағалликни бартараф этиш стратегия­си билан таққослаш мумкин.

Одатда Хитойнинг қашшоқликка қарши курашдаги муваффақияти манзилли ёрдам, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, камбағал аҳолини маълум кўникмаларга ўргатиш, инфратузилма ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш каби асосий таянч устунларга асосланган, дея эътироф этилади.

Бундай ёндашув туфайли, бугунги кунда Хитой — қашшоқликни қисқартиришнинг рекорд суръатларини намойиш этаётган ва биринчи марта “Қашшоқликни камайтириш бўйича БМТ мингйиллик ривожланиш мақсадлари”га эришган мамлакат ҳисобланади. Ўтган 40 йил мобайнида ХХР 740 миллиондан ортиқ кишини қашшоқликдан олиб чиқди. Бундай ютуқлар, аввало, жойларда изчил ишларни амалга ошириш, қатъий маъмурий назорат ўрнатиш орқали таъминланган.

Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича самарали ишларни ташкил этиш вазифаси секторлар бў­йича ишлар модели ёрдамида ҳал этилмоқда. Ҳар бир сектор ҳокимият, прокуратура, ички ишлар органлари ва солиқ хизмати вакилларидан, яъни жойлардаги вазият ҳақида барча маълумотларга эга бўлган шахслардан ташкил топади. Бундай ёндашув қуйи даражаларда ишларни йўлга қўйиш имконини беради, шунингдек, ҳар бир тумандаги фаолият учун сектор раҳбарининг шахсий масъулиятини оширади.

Худди Хитойдаги каби Ўзбекистонда ҳам “манзилли ёндашув” — ижтимоий ҳимоя тизимининг асосий элементларидан биридир. Ёрдамга муҳтож барча фуқаролар тармоқлар ва маҳалла йиғинлари раҳбарлари тавсияси билан “Темир дафтар”га киритилади. Аслида, бу “SAXOVAT.ARGOS.UZ” электрон дастури бўлиб, унга киритилган фуқароларга давлатнинг мақсадли ёрдам кўрсатиши “қатъий кафолатланади”.

“Темир дафтар”га иш ўринлари ва даромад манбаларини йўқотганларнинг барчаси, шунингдек, ногиронлиги бўлган кишилар, якка-ёлғиз қариялар ва кам таъминланганлар киритилади.

“Темир дафтар”даги оилаларни танлаш кўплаб мамлакатларда кенг тарқалган категориал баҳолаш усулига асосланади. Бунда аҳолининг айрим гуруҳларига ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслар сифатида  қаралади.

Бизнинг ҳолатда “Темир дафтар”ни юритиш 5 та тоифадаги оилаларни назарда тутади: 1) эҳтиёжманд, ночор ва моддий кўмакка муҳтож оилалар; 2) ногиронлиги бўлган ва сурункали касалликка чалинган кишилар; 5 ва ундан кўп фарзанди бор оилалар; 4) якка-ёлғиз кексалар, бевалар ва ўзгалар қарамоғига муҳтожлар; 5) карантин чоралари натижасида ўзининг даромад манбаини йўқотган оилалар.

Бугунги кунда “Темир дафтар”га киритишнинг асосий мезони — даромад ва ишлаб пул топиш воситаларининг мавжуд эмаслиги ҳамда меҳнатга лаёқатлиликнинг чекланганидир.

Туман ёки шаҳар секторлари раҳбарлари маҳалла раислари билан биргаликда оилаларнинг моддий ва уй-жой шароитларини ўрганиш ва умумлаштириш учун уйма-уй юрмоқда, агар мақсадга мувофиқ, деб топилса, янги аниқланган  эҳтиёжмандлар ҳам дастурга киритилади.

Таъкидлаш жоиз, Европа мамлакатларида нафақа тайинлашдан олдин ижтимоий хизматлар кам таъминланган фуқаронинг молиявий вазиятини ўрганади. Масалан, Германияда манзилли ёрдам ёки ижтимоий нафақалар тўлаш қарорига фақат ижтимоий соҳа ходимлари фуқаронинг чиндан ҳам қийин молиявий вазиятда эканига ишонч ҳосил қилганидан кейингина келинади.

“Темир дафтар”га муҳтож оила сектор котиби томонидан киритилади. Қайд этишда, қабул қилувчининг маълумотларидан ташқари, дастурда кўрсатиладиган ёрдам тури ҳақида ҳам маълумотлар жой олади.

Ушбу дастурнинг афзаллиги шундаки, ундан туман, вилоят ва умуман, респуб­ликадаги мавжуд ижтимоий вазият ҳақида аниқроқ тасаввур юзага келади. Яъни, туман ҳокимидан тортиб, Президентгача ишлар кўлами ва эришилган натижалар борасида, реал ёрдам кўрсатилаётган оилалар ва исм-шарифларгача, аниқ ва яхлит тасаввурга эга бўлади.

Оддий қилиб айтганда, “Темир дафтар”да умумий кўрсаткичлар эмас, балки ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг муаммолари ва уларнинг ечимлари акс этади. Буларнинг барчаси ҳар бир фуқаронинг ижтимоий муаммоларига, унинг ўта зарурий муаммоларини ҳал этишга ёрдам берадиган йўл ва воситаларга эътибор қаратиш имконини беради.

“Темир дафтар” рўйхатлари асосида эпидемияга қарши курашнинг дастлабки кунларидан бошлаб аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар  амалга оширилмоқда. Бунда қўллаб-қувватлаш чоралари, худди баъзилар тасдиқлашга ўрганиб қолгандай, оддийгина ижтимоий пакетларни тарқатиш билангина чекланиб қолинмайди.

Аввало, муҳтож оилаларга кўрсатилаётган молиявий ёрдамнинг аҳамиятли эканини таъкидлаш лозим. Бунинг натижасида мамлакатимизда биринчи марта қийин аҳволда қолган барча кишиларни тўғридан-тўғри моддий қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилди.

Қурбон Ҳайити арафасида аъзолари қарийб 700 минг кишини ташкил этадиган 182 мингдан зиёд оилага 1 миллион сўмгача миқдоридаги тўловлар амалга оширилди. Айтиш керакки, ёрдам тўғридан-тўғри ва нақд пулларда кўрсатилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг сўнгги фармонига асосан, “Темир дафтар”га киритилган муҳтож оилаларнинг ҳар бир аъзоси учун 220 минг сўмдан тўловлар амалга оширилди. 2020 йилга мўлжалланган бюджетда аҳолининг турли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш учун жами 8 трлн. сўмдан зиёд маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Пандемия даврида ижтимоий ёрдам олувчилар базаси ҳам сезиларли даражада кенгайди. 14 ёшга тўлмаган болали эҳтиёжманд оилалар сони йил охирига келиб 2 бараварга кўпаяди. 2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа олишга муҳтож оналар сони 20 фоизга ўсади. Моддий ёрдам олаётган кам таъминланган оилалар сони 100 мингтага оширилади. 2020 йилнинг охирига қадар ижтимоий нафақа олувчилар сони 1,2 миллионга, 2021 йилда эса 1,5 миллион га етиши кутилмоқда.

Камбағал оилалар мамлакатдаги аҳоли умумий сонининг 12-15 фоизни ташкил этишини ҳисобга олсак, ижтимоий нафақалар механизми жорий йил охиригача ҳар бир эҳтиёжманд оилани қўллаб-қувватлаш имконини беради.

Ҳудудлар кесимига назар ташласак, Қорақалпоғистонда декабрь ойига қадар ижтимоий ҳимоя механизми ҳар тўртинчи оилани, Сурхондарё, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида — ҳар бешинчисини қамраб олади.

Бир сўз билан айтганда, ҳар тўртинчи ёки бешинчи оила ўртача 300 минг сўм қўшимча ойлик даромад олади. 

Ижтимоий сиёсат самарадорлигини ошириш

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мамлакатда эҳтиёжмандларга ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг кенг қамровли механизми йўлга қўйилмоқда. Бироқ тан олиш керакки, унга берилган ижобий салоҳият сабаб бундай механизм етарлича мослашувчан ва максимал даражада шаффоф бўла олмайди. Айрим объектив ва субъектив омиллар бутун тизим самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Маҳалла вакилларининг аҳолига ажратилаётган маблағларни тақсимлаши борасидаги масъулиятларини виждонан ва очиқ адо этишаётганларига кўпчиликда шубҳа бор. Ажратилган ижтимоий ёрдам барча муҳтожларга ва ўз манзилига етиб бормаяпти, деган хавотир ҳам йўқ эмас.

“Темир дафтар”га киритиш учун оилаларни адолатли танлаш масаласи ҳам очиқ қолмоқда. Кўпчилик амалий мезонларнинг объективлиги ҳақида ўйлайди, ҳақли равишда инсон омилига ишора қилади. Ижтимоий ёрдамнинг бутун тақсимотида ошкораликни таъминлаш зарурати ойдинлашиб бормоқда.

Оилаларга ижтимоий ёрдам ажратишда йўл қўйилган хатолар эҳтимоли етарлича юқорилигини ҳам эътироф этиш жоиз. Бундай тарздаги тақсимотда тизимда носозликлар юз беради. Яқинда Тошкентнинг Сергели туманида содир бўлган воқеа буни яққол кўрсатди.

Бироқ сўнгги қарорлар ҳукумат мавжуд бўшлиқларни кўриб, уларни бартараф этишга интилаётганини ишонч билан айтиш имконини бермоқда. Бунда юзага келувчи камчиликларни ҳисобга олиб, тизимни созлашга қаратилган ҳамда вақти-вақти билан киритилаётган тузатишлар  шу билан изоҳланади.

Президент фармонига мувофиқ, ижтимоий ёрдамнинг барча турларини бир хил мезон ва бир хил ҳужжатга мувофиқ тақдим этиш имконини берадиган Ягона ижтимоий реестр яратилмоқда. Йил охирига қадар тизим барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади.

Маълумотларни тизимлаштириш ҳар бир ижтимоий ёрдам олувчининг эҳтиёж даражасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. У оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки, банк ҳисоблари, олинган кредитлар ва автомобиллар тўғрисидаги турли идораларнинг тегишли базаларида мавжуд бўлган маълумотлар асосида аниқланади.

Истиқболда “Ягона ижтимоий реестр” дастурининг тўлиқ ишга туширилиши инсон омилини сезиларли даражада минималлаштиради ва натижада ижтимоий ёрдамни тақсимлашдаги коррупция ҳолатларини имкон қадар бартараф этади.

Муносиб даромад, ёрдам пули эмас

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, аҳолининг энг камбағал қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш сиёсати эҳтиёжманд оилаларга бериладиган ёрдам пуллари билан чекланиб қолмайди. Асосий мақсад — аҳолининг иқтисодий фаровонлиги даражасини ошириш учун шароит яратиш.

Одатда камбағалликка тушиб қолишдан кўра, ундан чиқиш анчайин мушкул ҳисобланади. Шу боис давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш “аввало, “тўр беланчак” эмас, балки “зина” вазифасини ўташи лозим” — бошқача айтганда, одамларни ана шу ҳолатда тутиб туришдан кўра, камбағаллар тоифасидан чиқариш воситаси сифатида кўпроқ ўзини кўрсатиши зарур.

Масалан, Шимолий Европа мамлакатларида (Швеция, Норвегия, Финляндия, Дания) умумий бандликка эришиш ва фуқароларнинг барча тоифалари орасида даромад даражаларини тенглаштириш давлат ижтимоий сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланган.

Бу борада Президентимиз томонидан белгиланган мақсад “камбағал оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини иш билан таъминлаш” ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Бундай ёндашувнинг долзарблиги кўплаб мутахассислар томонидан ҳам тасдиқланган. Шундай қилиб, Ижтимоий сиёсат институти ИОМ иқтисодчиларининг фикрича, “ҳукумат саъй-ҳаракатларни йўналтириши керак бўлган асосий соҳа — бу меҳнат бозоридир, чунки у инқирознинг асосий зарбасини ўзига қабул қилади”.

Қайд этиш керакки, инқирозга қарши дастур доирасида, коронавирус пандемияси сабабли ишсиз ёки хорижга ишлашга кета олмай қолган 415 мингдан ортиқ киши аллақачон иш билан таъминланган.

Иш ўринлари яратиш билан бирга, кам таъминланганларга истиқболда узоқ муддатга ва моддий аҳволини ўз кучи билан яхшилашга имкон берадиган шарт-шароитлар яратишга катта эътибор берилмоқда.

Бошқача айтганда, бунда эътибор эҳтиёжманд қатламга ёрдам пули беришга эмас, балки ишлаб пул топиш учун шарт-шароит ва имкониятлар яратишга қаратилади. Иқтисодий истиқбол ва камбағалликни бартараф этиш нуқтаи назаридан бундай ёндашув энг оқилона ва ўринли ҳисобланади.

Иш ўринлари яратиш билан бир вақтда, фуқароларнинг тадбиркорлик борасидаги фаоллиги ҳам рағбатлантирилади. Мамлакатимизда аҳоли, аввало, меҳнатга лаёқатли одамлар сонини ҳисобга олган ҳолда, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш фуқаролар фаровонлигини оширишдаги кўплаб масалаларни ҳал этади.

Ўзбекистонда оилавий бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тадбиркорликка бўлган қизиқишни оширишнинг энг оммавий воситаларидан бирига айланди. Бу мақсадлар учун жуда салмоқли миқдордаги маблағлар йўналтирилган. Биргина “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш учун қўшимча 2 трлн. сўм ажратилган. Умуман, жорий йилда оилавий бизнес дастурлари учун 4 трлн. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилмоқда.

Ушбу ёндашувга талаб мавжудлиги ва унинг ишлашидан манфаатдорликни тадбиркорлик фаолияти учун 5 мингдан ортиқ кишининг қарийб 6 млрд. сўм субсидия олгани ҳам далолат беради. Йил охирига қадар бундай субсидияларни олувчилар сони 13 минг кишига етиши, ажратилган маблағ эса 11,5 млрд. сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Кам таъминланган оилаларни иш ва даромад манбаи билан таъминлаш нафақат уларни инқироз даврида ушлаб туришга, балки юз минглаб одамларнинг мустаҳкам оёққа туриб олишига имкон беради. Барқарор даромадга ва оиласини таъминлай олиш имконига эга бўлиши натижасида, инсонлар қандай ва қанақа воситалар ҳисобига яшаш ҳақида бош қотирмай қўяди. Эл қатори яшай бошлайдилар, келажакка ишонч билан боқадилар ва фарзандларини тарбиялаш, илмли қилиш борасида фикрлайдилар. Бундай кўринишдаги турмуш тарзида одатда “ҳар бир кейинги авлод олдингисидан муваффақиятлироқ ва бойроқ” қоидаси ишлаб кетади.

Шундай қилиб, таъкидлаш мумкинки, эҳтиёжманд фуқароларнинг бандлигини таъминлаш имкониятларини яратиш билан бирга, мақсадли ва тўғридан-тўғри моддий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари мажмуининг бирлаштирилиши танланган стратегиянинг халқ турмуш даражасини яхшилаш ва фаровонлигини ошириш борасидаги самарадорлигини бир неча бараварга оширади.

Ана шу ёндашув туфайли “қашшоқлик тузоғига” тушиб қолган минглаб умидсиз фуқаролар ўзини ўнглаш ва аҳволини яхшилаш учун самарали иқтисодий рағбатга эга бўлдилар.

Камбағаллик муаммосини бутунлай ва қисқа вақт ичида бартараф этиб бўлмаслиги табиий. Бошқа мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, бу жуда узоқ вақт ва машаққатли меҳнатни талаб этадиган жараён. Бироқ айнан ўша халқаро тажриба бу муаммога ҳар томонлама ва изчил ёндашилса, тўғри амалга оширилса, кутилган натижани беришини тасдиқлайди.

Буни “Темир дафтар” амалиёти ҳам тасдиқлайди. Биргина тўрт ой ичида доимий даромад билан таъминланиши туфайли эҳтиёжманд оилаларнинг 159 мингтаси ёки 40 фоиздан ортиғи “темир дафтар” рўйхатидан чиқарилди. Тошкент ва Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич янада юқори — мос равишда 55 фоиз ва 58 фоиз. Келажакда камида ана шундай иш суръатини сақлаб қолиш мамлакатда қашшоқликни қисқартириш йўлида илдам одимлаш имконини беради.

Белгиланган режаларни амалга ошириш натижасида, аҳолининг камбағал қатлами нафақат иқтисодий ўсишдан фойда кўриши, балки ўзи ҳам иқтисодий ривожланишга ҳисса қўшиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатдаги бутун ижтимоий-иқтисодий вазиятга ижобий мультипликатив таъсир кўрсатади.

Элдор АРИПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори

Источник