Жорий йилнинг 15 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида Германия Бундестаги Социал-демократик партияси депутатлар гуруҳининг ташқи сиёсат бўйича матбуот котиби Нилс Шмидт, Бундестагнинг ташқи сиёсат бўйича ишчи гуруҳи координатори Дирк Савистки, шунингдек, Фридрих Эберт жамғармасининг Шарқий Европа департаменти раҳбари Кристина Линке ва ушбу Жамғарманинг Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ваколатхонасининг минтақавий директори Филипп Ян билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар чоғида Германия томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, олиб борилаётган очиқ ташқи сиёсат, жумладан, амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган Марказий Осиёдаги минтақавий кун тартиби ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда Афғонистонда мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчликка эришиш бўйича Тошкентнинг позицияси ва ёндашувлари маълум қилинди. Бу мамлакат иқтисодиётининг тикланиши Афғонистон ҳудудида барқарорликни мустаҳкамлашнинг гаровидир.
Кейинги йилларда янада ишончли ва тизимли характер касб этаётган Ўзбекистон-Германия муносабатлари истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Германия Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори эканлиги алоҳида таъкидланди.
Германиялик ҳамкасблар билан суҳбат чоғида СМТИ ва Фридрих Эберт жамғармаси ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди. Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва уларга мослашиш, яшил энергия, транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан манфаатдорлик билдирилди.