СМТИ директори Элдор Aрипов 29 апрел куни конституциявий ислоҳотлар бўйича референдумда халқаро кузатувчи сифатида Ўзбекистонга келган покистонлик экспертлар генерал Эҳсон ул-Ҳақ ва Глобал ва стратегик тадқиқотлар маркази президенти Саййид Холид Aмир Жаффри билан учрашди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Покистон муносабатларининг ҳолати ва истиқболлари, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Покистоннинг Жанубий Осиё ва халқаро тадқиқотлар маркази президенти A.Жаффри ўзаро ҳамкорликнинг турли йўналишларида Ўзбекистон-Покистон муносабатлари ривожланишининг юқори динамикасига эътибор қаратиб, Ўзбекистон Покистон Ислом Республикасининг Марказий Осиёдаги ишончли ва асосий ҳамкори бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Генерал Эҳсон ул-Ҳақ Покистон томони конституциявий ислоҳот бўйича референдум ўтказилишини олқишлашини, бу эса пировардида Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар жараёни орқага қайтмаслигини кафолатлашини таъкидлади.
Унинг фикрича, бу Ўзбекистоннинг янада барқарор ривожланиши ва равнақи йўлида муҳим воқеа ва муҳим сиёсий қадамдир.
Учрашув иштирокчилари, ҳозирги вақтда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш бўйича улкан истиқболларга эга эканлигига келишиб олдилар.
Шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиёнинг барқарорлиги ва хавфсизлиги тинч ва барқарор ривожланишига боғлиқ бўлган Aфғонистон ҳам устувор масалалардан биридир.
Якунда, томонлар икки мамлакатнинг таҳлилий марказлари ўртасида мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар.