Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Швеция Парламенти – Рикстаг Спикерининг биринчи ўринбосари Аса Линдестам бошчилигидаги делегация иштирокида “Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва Ўзбекистон – Швеция муносабатларининг ривожланиши” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир давомида меҳмонларга Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни ҳақида батафсил маълумот берилди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий аҳволи ва истиқболлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Давра суҳбати иштирокчилари бугунги кунда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга йўналтирилган фаол ташқи сиёсати хорижлик ҳамкорлар томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, қўллаб-қувватланаётганини қайд этди.
Турмуш фаровонлиги бўйича ЕИнинг етакчи давлатларидан бири бўлган Швецияга айни пайтда ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишлардан бири сифатида қараш ўринли. Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизациялаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар давом этаётган бир шароитда бутун дунёда тан олинган ноёб ва илғор швед тажрибаси катта қизиқиш уйғотади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўтарилган ташаббуслар нечоғли муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Ўзбекистонда кейинги йилларда таълим тизимини такомиллаштириш бўйича туб ўзгаришлар амалга оширилди. Масалан, биргина 2019 йилда янги типдаги таълим муассасалари – 4 та Президент ва 3 та Ижод мактаблари ўз фаолиятини бошлади. Бунга қўшимча равишда 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан хорижий давлатлар университетларининг 9 та филиали очилди. Жаҳоннинг етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури доирасида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ўтган йил мамлакатимиз олий таълим даргоҳларига 146 500 нафар талаба қабул қилинди. Бу 2016 йилга нисбатан 2 баравар кўп демакдир. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш 2020 йилда 25 фоиз, яқин келажакда 50-60 фоизга етказилиши мўлжалланган.
Шу маънода Швеция таълим ва инсон тараққиёти соҳасида намуна бўлиб хизмат қилади. 2018 йил якунига кўра Швеция инсон тараққиёти индекси бўйича дунёда 7-ўринни эгаллаган. Мамлакатда таълимга йўналтирилган давлат маблағи ялпи ички маҳсулотнинг 6,8 фоизига тенг. Бу ЕИнинг 28 мамлакатидаги ўртача кўрсаткич (4,6 фоиз)дан 1 ярим баравар кўп дегани. Швеция аҳолиси маълумоти даражаси бутун дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан сезиларли равишда юқори ҳисобланади. Таҳлил қилинган 2018 йилда мамлакатдаги 25 ёшдан ошган аҳоли ўртасида маълумоти ўртачадан паст бўлмаган қатлам 91,1 фоизни ташкил этган. 2009 йилда ушбу натижа 88,4 фоиз эди. Ваҳоланки, ЮНИСЕФ тақдим этган маълумотларга кўра, жаҳонда ўрта маълумот дастури бўйича ўқишни тугатган ёшлар атиги 69,3 фоизни ташкил этади.
Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик масаласи ҳам тадбир иштирокчилари диққат марказида бўлди. Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномада кейинги беш йил ичида жадаллик билан рақамли иқтисодиётга ўтишга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлагани қайд этилди. 2019 йилда Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича Халқаро индексда 8 поғона кўтарилганига қарамасдан, мамлакат ҳали бу соҳада анча орқада қоляпти. Кўплаб вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологияларни тўлиқ жорий қилишдан узоқда.
Дунёда Интернетдан фойдаланувчи аҳоли XXI асрда 2 баравардан зиёдроқ ортиб, ушбу кўрсаткич 2000 йилдаги 45,7 фоиздан 2017 йилда 95,5 фоизга етди. Швецияда эса Интернет маълумотларни энг тезкор етказувчи воситага айланган: 2019 йилда мамлакат стационар кенг йўлакли Интернет тезлиги бўйича 175 давлат орасида 9-ўринни, маълумотларни мобил узатиш бўйича эса 140 мамлакат ўртасида 13-ўринни эгаллади.
Шунингдек, Швеция сўнгги ўн йилликда иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари – рақамли технологиялар ва телекоммуникациялар соҳасида жиддий силжишга эришди. Ахборот технологияларининг мамлакат иқтисодиётидаги улуши 16 фоизга етиб, эндиликда меҳнатга лаёқатли аҳолининг 6 фоизи IT саноатида банд.
Швециянинг камбағалликни камайтириш борасидаги тажрибаси ҳам Ўзбекистонга асқотиши мумкин. Маълумки, мамлакат молиявий қудратининг ўзига хос хусусияти мамлакатда рўйхатга олинган жами компанияларнинг 99 фоизини ташкил этадиган ва мавжуд иш ўринларининг 4/5 қисмини таъминлаган кичик бизнес корхоналари билан белгиланади. Янги корхона очиш шартларининг ўта даражада енгиллаштирилгани камбағалликка қарши курашувчи асосий восита бўлса, ажабмас. Зеро, иш ўринларининг кўпайиши аҳоли бандлигини оширади ва ўз навбатида турмуш фаровонлиги, мамлакат ободлигини таъминлайди.
Ислоҳотлар натижасида ўтган йил 93 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти тузилди. Бу 2018 йилга нисбатан икки баравар кўп. Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингида мамлакат 7 поғона илгарилаб, бизнесни рўйхатга олиш бўйича 190 давлат орасида 8-ўринга жойлашди. Энг яхши ислоҳотчи мамлакатлар қаторида эътироф этилди.
Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида сўз борганда таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Ўзбекистонда умр кўриш давомийлиги ўртача 73,8 ёшга тенг. Швеция эса бу борада ер юзида энг юқори кўрсаткичлардан бирини қайд этган – 82,3 ёш. Бу ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан алоҳида ривожланган мамлакатлар ўртача кўрсаткичидан 2,2 йил, дунё бўйича умумий кўрсаткичдан эса 9,9 йил кўп демак.
Ўзбекистонда айни пайт тикланадиган энергия манбаи етарли эмас. Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасидаги мавжуд кучлар қаттиқ маиший чиқиндиларнинг атиги 6 фоизини қайта ишлашга етади. Бу жами 14-14,5 миллион тоннадан бор-йўғи 894 минг тоннага тўғри келади.
Ўз навбатида Швеция иқтисодиётнинг барча тармоқларида “яшиллик” тамойилини қўлламоқда, тикланадиган энергия манбаи ва маҳаллий ёқилғидан фойдаланиш бўйича жаҳонда етакчи ҳисобланади. Эътибор берайлик, Европа Иттифоқининг умумий мақсади 2030 йилгача тикланадиган энергия манбаидан фойдаланиш даражасини 30 фоизга етказиш бўлса, Швеция ушбу кўрсаткични 50 фоизга етказишни мўлжалламоқда. 2045 йилга бориб мамлакатда бутунлай “иқлимий мувозанат” ҳукмронлик қилиши кутиляпти. “Volvo”, “Electrolux”, “ABB” ва бошқа кўплаб гигант саноат корхоналари ўзларининг замонавий энергия тежамкор ускуналар тайёрлаш ва жорий этишга ихтисослашган шўъба корхоналарини очмоқда.
Швеция учун хос бўлган яна бир тажриба маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва электр ҳамда иссиқлик энергиясини энергия ва мавжуд ресурсларни тежаш нуқтаи назаридан ишлаб чиқаришдир. Мамлакат бугунги кунда қарийб 97 фоиз маиший чиқиндиларни қайта ишламоқда. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
Давра суҳбати давомида, шунингдек Швеция аҳолиси эътиборини Ўзбекистондаги туризм меросига жалб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2019 йилда мамлакатимизга, жумладан шведлар учун ҳам визасиз кириш тизими жорий қилиниши натижасида Швеция Қироллигидан юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2018 йилга нисбатан 70 фоизга ошди.
Давра суҳбати якунида Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришнинг янги истиқболли йўналишларини аниқлаш мақсадида тегишли алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олинди.